Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини бермоқда. Кейинги йилларда ҳудудга хорижий сайёҳлар ташрифи бир неча баробар ошгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Қадимий Марғилон шаҳри бу борада катта имкониятларга эга. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида бу ерда “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси барпо этилди. Миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туризм талаблари уйғунлашган ушбу мажмуа қадим шаҳар ичидаги шаҳарчадир.
35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.
Буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш мажмуанинг асосий йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш кўзда тутилган.
Мажмуада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган. Унинг деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.
Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, бозор расталари билан танишди. Жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат қурди.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.
Шунингдек, “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси тажрибасини Бухородаги “Боқий Бухоро”, Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги “Ахсикент” ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.