Бугун, 7 октябрь куни Халқаро пахта куни ҳамда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган анжуманларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатини давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда Ўзбекистонда пахтачилик янги босқичга кўтарилгани қайд этилган. Олимларимиз томонидан ғўзанинг 300 га яқин эртапишар нави яратилган, экишдан ҳосилни йиғиб олишгача бўлган жараёнлар механизациялаштирилган. Замонавий агротехнологиялар туфайли айрим хўжаликларда ҳосилдорлик гектарига 100 центнергача етмоқда.
Президентимиз иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва логистика занжирларидаги узилишлар озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратган. Айниқса, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар учун юқори транспорт харажатлари катта тўсиқ бўлиб қолмоқда. Шу боис Ўзбекистон озиқ-овқат савдоси ва логистикасидаги чекловларни камайтириш, етказиб бериш тартибларини соддалаштириш тарафдори экани таъкидланган.
Мурожаатда 2030 йилгача озиқ-овқат ишлаб чиқаришни икки баробар, экспорт ва қўшилган қийматни уч баробар ошириш мақсади баён қилинган. Бунинг учун Марказий Осиё, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар ва транзит ҳамкорларни боғлайдиган озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш бўйича қўшма лойиҳаларни кенгайтириш таклиф этилган.
Тадбирда сўзга чиққан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Сюй Дунъюй, Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ICAC) ижроия директори Эрик Б. Трахтенберг ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (WTO) бош директори ўринбосари Жан-Мари Погам Президент Шавкат Мирзиёевнинг пахта соҳасидаги ислоҳотларига юқори баҳо бердилар.
Улар мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, хом пахтани экспорт қилишдан уни чуқур қайта ишлашга жадал ўтилганини катта ютуқ сифатида қайд этиб, бу жараён бошқа мамлакатлар учун ҳам намуна бўлаётганини таъкидладилар.