Маълум қилинишича, жорий йилда туман соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 миллиард 2 миллион сўмлик шартнома тузилиб, тиббий буюмлар харид қилинган.
Шартнома маблағининг 30 фоизи МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган. Бўлим раҳбари эса қолган 70 фоиз маблағни кўчириб бериш ҳамда келгусидаги харидларни ҳам мазкур МЧЖ орқали амалга ошириш эвазига шартнома қийматининг 15 фоизини — 150 миллион сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс талаб қилинган пулнинг бир қисми — 11 800 АҚШ долларини турмуш ўртоғи орқали олган вақтида қўлга олинган.
Тергов давомида унинг жорий йилда тумандаги оилавий поликлиника ходимларига ярмини қайтариш шарти билан 448 миллион сўм рағбатлантириш пули ажратгани, кейинчалик ушбу маблағнинг 92 миллион сўмини қайта йиғиб олгани ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарига нисбатан пора олиш ва ўзлаштириш моддалари билан, МЧЖ вакилига нисбатан эса пора бериш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.