Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари томонидан созланган янги тизим Қўйлиқ кўпригидан кейинги қисмдан бошланиб, “Қўйлиқ ота” мақбарасидан УзБУМгача бўлган йўналишни қамраб олади. Тизим сутка давомида ишлайди.
Ўтказилган ўлчовлар “Яшил тўлқин”нинг натижасини ҳам кўрсатган. Агар аввал тирбанд бўлмаган вақтда мазкур йўлни босиб ўтиш учун тахминан 12–13 дақиқа керак бўлган бўлса, ҳозир бу масофани қарийб 9 дақиқада босиб ўтиш мумкин.
Яъни йўлга сарфланадиган вақт тахминан 25 фоизга қисқарган.
Эслатиб ўтамиз, бу тизим барча чорраҳаларда светофор доим яшил ёниб туришини англатмайди.
Светофорлар шундай мувофиқлаштириладики, ҳайдовчи белгиланган тезликда ҳаракатланганида имкони борича кўпроқ чорраҳада яшил чироққа дуч келади. Натижада қизил чироқда тўхташлар сони камаяди, ҳаракат бир маромда ташкил этилади ва йўлга сарфланадиган вақт қисқаради.
Фарғона йўли кўчаси Тошкентнинг асосий кириш транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Қўйлиқ йўналиши орқали Тошкентнинг ўзи ҳамда Тошкент вилоятидан пойтахтга катта автомобиль оқими кириб келади ва кейинчалик шаҳарнинг марказий қисми томон тақсимланади.
Шу боис 6 километрлик ушбу йўналишда ҳатто бир неча дақиқани тежаш ҳам алоҳида ҳайдовчи учун, ҳам умумий транспорт оқими учун аҳамиятли.
Мутахассислар йўлдаги ҳаракатни кун давомида кузатиб боради. Зарур ҳолларда светофорларнинг ишлаш режими қўшимча равишда мослаштирилади.