Йирик энергетика тизимларида айрим электр станциялари ёки электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанат бузилиб, электр частотаси пасайиши мумкин. Бундай вазиятда зарур чоралар ўз вақтида кўрилмаса, авария бир ҳудуддан бошқа ҳудудларга тарқалиб, кенг кўламли узилишларга, ҳатто тизимли авария — блэкаутга олиб келиши мумкин.
Бундай ҳолатларда аварияга қарши автоматика тизимлари энерготизимни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компаниясининг электр тармоқлари ва подстанцияларида ушбу тизимларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри ишлаши натижасида авариянинг республика энерготизимида кенгайиб кетишининг олди олинди.
Шунингдек, авария оқибатида қисқа вақт ичида йўқолган қувватнинг ўрнини тўлдиришда энергия сақлаш тизимларидаги (BESS) захира энергияни тармоққа тезкор узатиш муҳим роль ўйнади. Энергия сақлаш тизимлари зарур пайтда энергияни жуда қисқа вақт ичида тармоққа бериш имконини таъминлаб, қувват мувозанатини тиклаш ва частотанинг кескин пасайишининг олдини олишга хизмат қилди.
Агар йўқолган қувватни фақат электр станцияларини ишга тушириш орқали қоплашга тўғри келганида, бу жараён кўпроқ вақт талаб қилган бўлар эди. Бу эса энерготизимда энергия сақлаш технологиялари нафақат электр энергиясини сақлаш, балки авариявий ҳолатларда тизим барқарорлигини таъминлаш воситаси сифатида ҳам муҳим эканини кўрсатди.
Сурхондарё вилоятининг электр таъминоти асосан иккита 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи орқали таъминланади. Уларнинг бири қўшни давлат ҳудудидан, иккинчиси эса Қашқадарё вилояти ҳудудидан электр энергиясини етказиб беради.
Авария вақтида ушбу икки тармоқдан бирида режали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди. Шу сабабли қўшни давлатдан электр энергияси келадиган тармоқда узилиш юзага келиши вилоят электр таъминотини қисқа вақт ичида тўлиқ тиклаш имконини чеклади.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида режали таъмирлашда бўлган 500 кВли электр узатиш тармоғи хавфсизлик талабларига мувофиқ ишга тайёр ҳолатга келтирилиб, қайта ишга туширилди. Бунинг натижасида Сурхондарё вилоятида электр таъминоти босқичма-босқич тўлиқ тикланди.
Сўнгги йилларда энергетика соҳасига киритилган инвестициялар бугунги авариявий вазиятда энергия сақлаш тизимларининг тезкор қувват бериш имконияти ҳамда аварияга қарши автоматика тизимларининг ўз вақтида ишлаши орқали тизим барқарорлиги ва энергетика хавфсизлигини таъминлашда амалий аҳамиятини яна бир бор кўрсатди.