Қиз қанча ишини сўраса, “бирданига 8 та ичсанг, отдай бўп кетасан” деб жавоб берган. Талаба уни ичган ва, қарабсизки, касалхонага тушган. Шифокорларнинг сай-ҳаракатлари билан базўр қутқариб қолинган.
Бу реал воқеани эшитганимдан кейин ўйланиб қолдим. Инсон яқиндагина пайдо бўлган бу технология ёки ихтирога шунчалик боғланиб улгурдими? Шунчалик ишонадиган, ишониб ҳаётини топширадиган даражада яқинига айландими? Ундан кўра, ота-онаси, опа ёки акасидан сўраб, ёрдам олса бўлади-ку?
Шу ўйлар билан мактабга келдим. Дарсларимиз тугаб, имтиҳонлар бошланган пайт эди. Бир фандан чораклик имтиҳонида(ЧСБ)миз. Қарасам, телефони бор синфдошларим берилган саволларни ўйлаб кўрмасдан, тўғридан-тўғри Chatgptга жўнатяпти. Chatgpt ҳам узоқ ўйлаб ўтирмасдан жавобларни шақиллатиб бериб ташлаяпти. Синфдошларим эса уни текшириб ёки солиштириб кўрмасдан жавоблар варақасига кўчиришяпти.
Ўйлаб қоламан: ҳозирдан ўз миясини сунъий интеллектга топшириб қўяётган инсонлар эртага бир умрлик касбини қандай танлайди? Қандай қилиб, ишхонада ўз иш фаолиятини олиб боради? Албатта, у ерда ҳам Chatgpt унинг дастёрига айланади. Лекин қачонгача ва қаергача? Менимча, Chatgptга тўлиқ суяниб қолиш яхши эмас. Сабаби, унинг ақли етмайдиган масалалар, инсон ҳиссиётига таяниб чиқарадиган қарорлар бор. Бунда сунъий онг ҳали одамзотга етиб олишига анча бор.
Демак, сунъий интеллект билан яшашни ўрганишимиз керак. Қандай қилиб дейсизми? Уни кундалик ҳаётда ишлатадиган пичоққа ўхшатаман. Агар ундан тўғри фойдаланилса, овқат пишириш, нарсаларни кесиш мумкин. Агар нотўғри фойдалансак, инсон ҳаётига нуқта қўйиши ҳеч гап эмас. Chatgptга ўхшаган сунъий интеллект воситалари ҳам шундай: илм олиш, тил ўрганиш, ишимизда ёрдамчи сифатида ишлатиш мумкин. Аммо миямиз ўрнига уни қўйиб қўйсак, келажакда ақлан ялқов ва уқувсиз инсонга айланишимиз ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳозирдан ундан фойдаланишда ўзимизни тийишни ўрганайлик!
Шамсихон БАХТИЁРОВА,
Янгиҳаёт туманидаги 8-мактаб ўқувчиси