Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолатларда Дамас русумли автомобилларда 23−25 нафаргача, Спарк автомобилларида эса 18 нафар болани боғча ёшидаги болалар ташилган.

«Дамас етти ўринли бўлса, 28 та бола — бу нима деган гап? Эртага бирор авария бўлса, ким жавоб беради?» — деди Йўлдошев.

Унинг таъкидлашича, бу каби қоидабузарликлар асосан хусусий ва оилавий боғчаларда учрамоқда. ЙҲХХ вакили болалар хавфсизлиги учун, аввало, ота-оналар масъул эканини қайд этди.

«Ота-оналар эътиборсизлик қилиб, фарзандларини шундай ҳолатда юборяпти», — деди у.

Маълум қилинишича, муаммони бартараф этиш мақсадида маҳаллаларда тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш режалаштирилган. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда боғчалар орасида профилактик ишлар олиб борилмоқда.