Хива шаҳри ҳудудида қарийб 8 гектарлик майдонга ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб танланган 3 минг тупдан ортиқ дарахт ва ўсимлик кўчатлари ўтқазилмоқда.
Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур боғ Замин фонди, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида барпо этилмоқда.
Кўчатлар орасида гўзал каталпа, оқ тут, оддий қайрағоч, оқ акация, дала заранги, шумтол, шарқ туяси ҳамда бошқа манзарали дарахт турлари мавжуд. Шунингдек, ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш мақсадида икки минг донадан ортиқ турли хил манзарали буталар экилиши режалаштирилган.
«Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева экомактаб ўқувчилари ва маҳаллий аҳоли билан биргаликда Хиванинг янги яшил жамоат маконини барпо этишда қатнашди.
Янги боғ нафақат шаҳарга кўрк бағишлайди, балки ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга муҳим ҳисса қўшиб, аҳоли учун сўлим дам олиш ва мулоқот масканига айланади.