“Ижодкор” маҳалласи ҳудудидаги махсус саноат зонасининг 10 гектар майдонида ташкил этилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 170 миллион доллар. Корхонада йилига 700 та электробус ишлаб чиқариш қуввати яратилади.

Ишлаб чиқарилган электробуслар ички бозор билан бирга хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинади. Келгусида корхонада электр юк машиналарини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Корхонани 2027 йил декабрь ойида ишга тушириш белгиланган. Лойиҳа ҳудудда янги иш ўринлари яратиш ва Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Лойиҳага старт бериш тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, тадбиркорлар, инвесторлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.

Тадбир якунида корхонага тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишларига старт берилди.