Кейинги пайтларда спортга, тўғрироғи, футболга ихтисослашган аммавий ахборот воситаларида Франциянинг ПСЖ клуби президенти Носир Ал Хилайфий ва клуб ҳужумчиси Неймар ўртасида зиддият пайдо бўлгани ҳақида ёзилмоқда.
Шу гап ростга ўхшайди. El Pais нашри хабарига қараганда, ПСЖ раҳбарияти Неймарга уни ушбу трансфер ойнасида ижарага беришга тайёр эканлигини маълум қилган. Манбада айтилишича, клуб Неймарнинг ижара вақтида барча маошини тўлашга тайёр.
Аввалроқ Sky Sports нашри “Челси” Неймарга қизиқаётгани ҳақида хабар берганди, RMC Sport эса футболчини “Манчестер Юнайтед” ўз сафига қўшишга тайёр эканлигини айтганди.
2017 йили “Барселона” Неймарни ПСЖга 222 млн еврога сотган. 2021 йилда эса ҳужумчи клуб билан шартномасини 2024/2025 йилги мавсум охиригача узайтирган.
Бразилиялик футболчи ўтган мавсумда парижликлар сафида барча турнирларда 28та ўйинда ҳаракат қилиб, 13та гол урди ва 8та голли узатмани амалга оширди.
Хуллас, дунёнинг энг қиммат ва энг зўр футболчиларидан бири бу йилги мавсумни ижарада ўтказиши мумкин.