Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар ўзининг бетакрор таъми ва табиийлиги  билан Европа бозорларида алоҳида эътиборга сазовор бўлаётгани қувонарлидир, дейди “Дунё” ахборот агентлиги.

Масалан, Нидерландиянинг "Boumanfruits" компаниясининг эгаси Антон Бауман Ўзбекистоннинг Benilüks мамлакатларидаги элчихонаси вакиллари ва “New Wave” МЧЖ раҳбарияти билан онлайн музокаралар чоғида Ўзбекистондан юқори сифатли ва мазали мевалар ҳамда уларнинг навларини Европа бозорига чиқаришга қизиқиш билдирди. Антон Бауман Ўзбекистонда етиштирилган лимоннинг махсус навларини Нидерландия ва Европа бозорларида сотишга қизиқиш билдирди.

Томонлар ўзбек лимонининг Нидерландияга экспортини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар. Жорий йилнинг сентябрь ойи бошида лимоннинг янги ҳосили намуналарини юбориш ва экспортни кучайтириш бўйича музокараларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.