Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Нидерландиянинг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан инсонпарварлик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама этилди.

Макс Валстар Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, уларни ўз вақтида ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, деб таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатнинг янги ҳукумати томонидан халқаро ҳамжамиятнинг асосий талаблари – кенг вакилликка асосланган ҳукуматни яратиш, асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан аёллар ва қизлар, шунингдек, миллий озчиликларни ҳурмат қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Макс Валстар Ўзбекистон томонининг Афғонистон янги ҳукуматига нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг яхлит позициясини ишлаб чиқмасдан туриб, ўткир ижтимоий-гуманитар инқирозни бартараф этиш, шунингдек, миллий иқтисодиётни тўлиқ тиклаш мумкин эмас, деган фикрига қўшилди.

Томонлар афғон масаласи маслаҳатлашувларни мунтазам давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.