2018 йилда жамият таркига кирувчи корхоналар 3.3 млрд долларлик маҳсулот яратган (асосий қисми тайёр автомобиллар, қолгани эҳтиёт қисмлар). Бу давр давомида акциядорлик жамиятига кирувчи корхоналар 220 мингта автомобиль ишлаб чиқарган.
Бундан келиб чиқадики, мавжуд ишлаб чиқариш пропорцияга кўра, ҳар битта автомобилнинг ўртача нархи 15 минг долларни ташкил этади. Акциядорлик жамияти таркибида эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар борлигини ҳисобга олсак ва бу эҳтиёт қисмларнинг(автомобилларга қўшилмаган ва бозорда эҳтиёт қисм сифатида сотилганлари) умумий қиймати акциядорлик жамияти ишлаб чиқарган жами қийматнинг 10% ини ташкил этади деб қарасак(тахминан), унда ҳар битта автомобилнинг ўртача нархи 13.5 минг долларни ташкил этади.
Агар юқоридаги ишлаб чиқариш пропорцияси бўйича жаҳон нархи 10 минг долларни ташкил этади деб қарасак(қўшимча эҳтиёт қисмларсиз 9 минг доллар). Ҳозирги жаҳон нархи ҳақиқий нархдан бироз баланд бўлиши мумкин, лекин мамлакатимиздаги моделларни ишлаб чиқариш пропорциясида(қўшимчасига эҳтиёт қисмлар ҳам ишлаб чиқарилади) ўртача нархни топиш мушкул. Шу сабабли бироз тахминий қийматдан фойдаланишга қарор қилдим. Бу тахминий нарх ҳақиқий вазиятни 100% аниқликда ифодаламаслиги мумкин, аммо умумий хулоса чиқаришда катта таъсир ўтказмайди.
Агар битта автомобилнинг мамлакатимиздаги нархи 15 минг жаҳон нархи 10 минг доллар(қўшимча эҳтиёт қисмлар билан бирга),
– Чегарадаги тўсиқлар очилса истеъмол ҳажми 220 мингдан 292 мингтагача ошади(эластиклик 1 деб олинган)
– Чегара очилган шароитда ички ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқаришни буткул тўхтатади деб ҳисоб китобни амалга оширсак,
Ҳозирги ҳолатда мамлакатимизда автосаноат мавжудлигидан ишлаб чиқарувчиларнинг(шу соҳада банд бўлган барча) кўраётган фойдаси 550 млн доллар ташкил этади.Божларнинг мавжудлиги натижасида истеъмолчилар кўраётган зарар эса, 1.3 млрд долларни ташкил этади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган моделлар деярли импорт қилинмайди(давлатнинг божлардан кўрадиган фойдаси тахминан 0$), аммо бошқа моделлар импорт қилиниши натижасида давлатнинг божлардан йиллик кўрадиган фойдаси 250 млн долларни ташкил этади деб ҳисобласак.
Унда божлар мавжудлигидан иқтисодиётнинг кўрадиган соф зарари 500 млн долларни ташкил этади(1.3 млрд-(550+250)млн). Бу дегани мамлакатимизда автосаноатнинг мавжудлиги ҳар йили иқтисодиётнинг тахминан 500 млн долларга қисқаришига сабаб бўлади. Ёки бошқача айтганда ҳар бир ўзбекистонлик автосаноатнинг мавжудлигидан йилига 15 долларга камбағаллашади(агар потенциал истеъмолчилар инобатга олинса зарар яна ортади).
Ўзавтосаноат тизимидаги корхоналарда ҳозирги кунда тахминан 25 минг киши иш билан банд ҳисобланади. Истеъмолчиларнинг зарарини ҳисобга оладиган бўлсак(1.3 млрд доллар), соҳадаги ҳар битта иш ўрнини сақлаб қолиш учун истеъмолчилар йилига 52 минг доллар субсидия тўлашга мажбур бўлмоқда.
Агар шу соҳадаги ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 300 $ ни ташкил этса(йиллик 3 600 $),чегараларни умуман очиб юбориб ишчиларга шунчаки ойлик тўлаш истеъмолчиларга тахминан 14.5 марта арзонроққа тушади. Яъни ҳозирги кунда ҳар бир ишчи ўрни сақлаб қолиниши учун истеъмолчилар ўртача маошдан кўра 14.5 марта кўпроқ тўлашга мажбур бўлмоқда(қимматроқ сотиб олиш эвазига).
Самарасиз соҳага ресурсларни сарфлаш: ўша ресурслар сарфланган соҳанинг ривожланмаслигини таъминлаши билан бирга, бошқа потенциал ривожланиши мумкин бўлган соҳанинг ҳам ресурслар етишмаслиги оқибатида ривожланолмаслигига олиб келади. Умуман олганда мен ҳам миллий ишлаб чиқарувчиларимиз ишлашини, ривожланишини хоҳлайман аммо истеъмолчиларнинг камбағаллашиши эвазига ишлаб турган миллий ишлаб чиқарувчилар: биринчидан ҳеч қачон ривожланмайди, иккинчидан,доимо умумий фаровонликнинг пасайишига сабаб бўлади.
П.С: Юқорида айтганимдек, ҳисоб китоблардаги натижалар ҳақиқий вазиятдан бироз фарқ қилиши мумкин. Чунки эластиклик даражаси, жаҳон нархи, давлатнинг божлардан кўрадиган фойдаси ёки эҳтиёт қисмлар улушининг бир бирликка ўзгариши ҳам охирги натижада каттароқ ўзгаришга сабаб бўлади( юқоридаги 4 та ўзгарувчи ҳақиқий рақамлардан фарқ қилишининг эҳтимоли катта). Аммо ҳақиқий рақамларнинг юқоридаги натижадан фарқ қилиши умумий хулосага таъсир қилмайди. Яъни натижадаги фарқ умумий хулосанинг ўзгариб кетишига сабаб бўлмайди.
Миркомил Холбоев