Тиббий ниқоб тақиш масаласи илк коронавирус тарқаган вақтлари баҳсли мавзу эди. Яъни, аввалига аксарият тиббиёт мутахассислари ҳам ниқоб унчалик фойда бермайди, дейишди. Ҳатто, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам касаллар ва тиббиёт ходимлари тақиши мақсадга мувофиқ, деб тавсия берди. Аммо кейинчалик кўпчилик, жумладан, ЖССТ ҳам ўз тавсияларини ўзгартирди. Чунки тадқиқотлар шуни кўрсатдики, шаҳарни бутунлай ёпиб қўйиш, самоизоляция билан бирга, оддий қўлбола ниқоб тақишнинг ўзи ҳам коронавирус билан касалланишнинг кескин камайишини кўрсатди.
Масалан, Германиянинг Меҳнат иқтисодиёти институти тадқиқотчилари ниқоб тақиш самарадорлигини аниқлади . Ниқоб коронавирус тарқалишини 40 фоизгача секинлаштириши мумкин.
Олимлар биринчилардан бўлиб жамоат транспортида ва дўконларда ниқоб тақишнинг мажбурий тартибини жорий қилган Германиянинг Иена шаҳридаги эпидемиологик вазиятни ўрганишди. Маълум бўлишича, 20 кун ичида Иенада янги ҳолатлар сони 25 фоизга, 60 ёшдан ошган одамлар орасида эса 50 фоизга камайди. Бу тартибни кечроқ жорий қилган аҳоли яшаш пунктларида вирус жадал тарқаган. Айниқса, йирик шаҳарларда ниқобнинг самараси яққол сезилган.
Худди шундай тадқиқотни британиялик олимлар ҳам ўтказган. Унга кўра, агар аҳолининг камида 50 фоиз ниқоб тақса, коронавирус R0 (базавий репродуктив сон) бирдан паст бўлар экан. Соддароқ тушунтирилса, коронавирус юқтирган 10 кишидан вирус юқтирганлар сони 10 нафардан камроқ бўлади.
Демак, кун иссиқ, нафасим қайтяпти, демасдан, то вакцина чиқиб, оммалашмагунча, маска тақишни канда қилмаслик лозим.