Конституциямизга асосан ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шунга монанд равишда, мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг янги механизмлари жорий этилди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойларда эса Халқ қабулхоналари ташкил этилди, ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда фуқаролардан доимий равишда ер ажратиш ва уй-жой билан боғлиқ, пенсия масаласида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Масалан, фақатгина адлия органларининг ўзига 2019 йилда ер ажратиш масаласида 3 526 та, уй-жой масаласида 7 397 та, ижтимоий ҳимоя (пенсия) масалаларига оид 4 434 та мурожаат келиб тушган.

Албатта, ушбу мурожаатлар тегишли идорада ҳал бўлмагандан сўнг фуқароларимиз бундай мурожаатларни кўришга ваколатли бўлган адлия органлари, прокуратура органларига ёки бўлмаса тўғридан-тўғри судларга мурожаат қилишмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 17 июндаги ПҚ–4754-сон «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори билан муайян низони ушбу идора тизимининг ўзида ҳал этадиган, соҳага оид қонунлар қўллашнинг низоли масалалари бўйича хулосалар берадиган ҳамда қонунларда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўрадиган коллегиал орган сифатида Апелляция кенгашлари ташкил этилди.

Апелляция кенгашлари эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ўз фаолиятларини бошлади.

Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) натижасида ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатларини кўриб чиқиш билан шуғулланади.

Айтиш жоизки, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига дахл қилмайди.

Шу ўринда, айрим давлат органлари тизимида бундай кенгашлар ташкил этиш амалиёти мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши ташкил қилинган. Ёки бўлмаса, Адлия вазирлиги тизимида ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини, селекция ютуқларини, интеграл микросхемалар топологияларини, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ апелляцияларни судгача кўриб чиқувчи коллегиал органи сифатида Апелляция кенгаши ўз фаолиятини амалга оширади.

Яқин қўшни давлатлардан Қозоғистон Республикасининг айрим давлат идораларида ҳам Апелляция кенгаши жорий этилган.

Хўш, Апелляция кенгаши қандай шакллантирилади, унинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низомга асосан апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади ҳамда коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади.

Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин.

Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади.

Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўради.

Шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда ваколатли идоралар орқали расмий шарҳлашни ташкиллаштиради.

Агарда мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар аниқланса, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади.

Апелляция кенгашининг вазифаларидан кўринадики, ушбу тузилма муайян бир мурожаатни кўриб чиқиши орқали давлат органи фаолиятида мавжуд тизимли хато ва камчиликларга барҳам бериш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги бўшлиқлар, зиддиятли ҳолатлар ёки нотўғри амалиётга буткул барҳам бериши мумкин бўлади.

Албатта, Адлия вазирлиги Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб боради ҳамда тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга яқиндан амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашади.

Хулоса ўрнида, давлат органлари тизимида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларининг ташкил этилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиради, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда муҳим бўғин ҳисобланади.

Элдор Маҳкамов,

Адлия вазирлиги Юридик таълим

ва суд-экспертиза фаолиятини

мувофиқлаштириш бошқармаси

бошлиғи ўринбосари