Озарбайжон Республикаси Президент Илҳом Алиев томонидан 2021 йилнинг “Низомий Ганжавий йили” деб эълон қилиниши муносабати билан буюк шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор чора-тадбирлар ва лойиҳалар режалаштирилган.
Тошкент шаҳридаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказида Ўзбекистонда “Низомий Ганжавий йили”нинг очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда олимлар, педагоглар ва маданият арбоблари, Тошкент шаҳридаги йирик олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, етакчи олий таълим муассасалари мутахассислари иштирок этди.
Иштирокчилар “Низомий Ганжавий йили”га бағишланган махсус кўргазма ва Низомийнинг еттита асари қаҳрамонлари иштирокидаги композиция билан танишдилар. Шунингдек, шоирнинг ўзбек тилида яқинда чоп этилган асарлари тақдим этилди. Маданият маркази бадиий тўгарак аъзоларининг суратлар кўргазмаси бўлиб ўтди, буюк шоир Низомийнинг миниатюралари ва ҳикматли сўзларини яратиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари томонидан буюк Низомий Ганжавий асарларидан тайёрланган бадиий композиция тақдим этилди.
Йил давомида Тошкентда турк оламининг низомийшунос олимлари иштирокида “Низомий Ганжавий ҳаёти ва ижоди” мавзусида халқаро илмий анжуманлар, Марказий кўргазмалар залида Низомийнинг Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркияда сақланаётган асарлари асосида миниатюралар нусхалари кўргазмаси бўлиб ўтади.
“Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти ижрочи директори, Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети профессори Эркин Нуриддиновнинг қайд этишича, 2021 йил Озарбайжон ва ўзбек халқлари учун жуда аҳамиятли. Жумладан жорий йилда Низомий Ганжавийнинг 880, Алишер Навоий таваллудининг эса 580 йиллиги жойларда кенг нишонланмоқда.
Тадбир сўнгида Ўзбекистонда таниқли мақом устаси, халқ қўшиқлари ижрочиси Даврон Қодиров Низомий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан намуналар ижро этди.