Ўзбекистон  —   бахтиёр ёшлар мамлакати! Мен шундай бетакрор юртда яшаётганимдан фахрланаман. Бу ғурур беқиёс шараф, катта масъулият юклайди. Шунга муносиб бўлиш учун тинимсиз ўқиб-ўрганиб, улкан мақсадларим сари интилиб келаяпман. Бу йўлда ғамхўр Юртбошимиз бизни ҳар томонлама қўллаб, юксак марраларга даъват этмоқда.

Бугунги ёшларнинг салоҳияти, дунёқараши, билдирган таклиф ва ташаббуслари, мустақил фикрлаши, келажак ва Ватан, ўзининг жамиятдаги ўрни ва масъулияти ҳақидаги қарашлари барча ота-оналар, устоз-мураббийлар қаторида Президентимизни ҳам чексиз қувонтириб келяпти. Бунга давлатимиз раҳбарининг Ёшлар куни Президент ва ижод мактаблари ўқувчилари, Янги Ўзбекистон университети талабалари, ёш олим ва ижодкорлар, IT дастурчилар, спортчи ва тадбиркорлар билан самимимй мулоқоти чоғида яна бир карра намоён бўлди. Ҳар бир истеъдодли ёш билан оталарча ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат билан суҳбатлашди.

Бундай шарафга чет элнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган талабалар каби менга ҳам насиб этганидан, Президентимиз Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ўқишга юборилган ва юборилаётган тенгдошларим қатори менинг номимни ҳам қайд этганидан беҳад мамнунман.

Юртбошимиз “Бу ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари, десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳисобланган бундай фидойи, билимли, зукко ва ватанпарвар ўғил-қизларимиз барчага намуна бўлиши керак”, деганда зиммамиздаги масъулият залворини янада теран ҳис этдик.

Тадбиркорлар оиласида туғилганман. Отам ва онажоним бутун меҳр ва муҳаббатини бағишлаб, илм олишимиз учун бизга барча шароитларни яратиб берди. Мактабда аъло ўқишга интилдим. Бунинг натижасида 2011 йилда Навоий шаҳридаги 1-сонли махсус инглиз тилига ихтисослашган гимназия мактабини имтиёзли диплом билан тугатдим. 2014 йилда эса Тошкент Халқаро Вестминстер университети талабаси бўлишдек катта орзуимга эришдим.  Бу, ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Мақтанишга йўйманг, тез орада университетнинг ташаббускор ва аълочи ёшлари сафига қўшилдим. 2015 йилда факультет сардори, 2017 йилда университет талабалар кенгаши аъзоси ва Ёшлар етакчиси ўринбосари сифатида фаолият олиб бордим. 2018 йилда университетни иқтисодиёт ва молия йўналиши бўйича аъло баҳоларга тамомладим.

Иш фаолиятимни халқаро Ernts&Young корхонасида аудитор ёрдамчиси бўлиб бошладим. 2019 йилнинг февраль ойидан Навоий кон-металлургия комбинатининг Лойиҳа офисига молиявий таҳлилчи лавозимига таклиф этилдим. Ҳозирги вақтда етакчи мутахассис сифатида зиммамга юклатилган вазифаларни бажариб келяпман.

Кейинг уч йил мобайнида комбинатимизда трансформация жараёнлари амалга оширилди. Бунда асосий эътибор корхонани халқаро молиявий бозорнинг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айлантириш, унда корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, рақобатбардошликни ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва, энг асосийси, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга қаратилди.

         Ушбу жараёнларни жадаллаштириш ва акциядорлик жамиятини ташкил этиш бўйича комбинатнинг қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш сегментига оид бўлган 117,5 триллион сўмлик актив ва мажбуриятлари жамият балансига ўтказилди ҳамда устав капитали шакллантирилди. Халқаро молия бозорларига чиқиш мақсадида инвесторлар талабларига мувофиқ, халқаро аудиторлик компанияси иштирокида глобал стандартларга асосан барқарор ривожланиш ҳисоботи (ESG) тайёрланди. Нуфузли хорижий консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда, ҳисоб сиёсати ишлаб чиқилди. Комбинат умумий захираларнинг 90 фоизини ўзида мужассамлаштирган 29 та кон Австралия кодекси JORC Code стандартлари талаблари асосида тўлиқ қайта баҳоланди. Шунингдек, комбинатнинг тубдан янгича корпоратив тузилмаси тайёрланиб, амалиётга жорий қилинди.

Ана шундай масъулиятли жараёнларда иштирок этиб, баҳолиқудрат ҳисса қўшганимдан мамнунман.  

Билим ва амалиётни мустаҳкамлаш ниятида АҚШнинг Чикаго университети (University of Chicago Booth School of Business) га Бизнес бошқаруви магистри (MBA) дастурига ҳужжатларимни топширдим ва шартсиз ўқишга қабул қилиндим. Ушбу йўналиш халқаро MBA дастурлари рейтингларида энг обрўлиларидан бири деб ҳисобланади. Бинобарин, "Usnews  2023 Best Business Schools” рейтингида Чикаго университети биринчи ўринда туради

Мен магистратура дастурини муваффақиятли тугатиб, Янги Ўзбекистон келажаги йўлида янги куч ва билимлар билан ишимни давом эттирмоқчиман. Айниқса, металлургия соҳасида илғор халқаро корпоратив тажрибаларни жорий этиш олий мақсадларимдан бири бўлиб қолади. Бунда олган билимларим ва орттирган тажрибам юртимизда илғор ғояларни татбиқ қилишда қўл келади, деган ниятидаман. 

Президентимиз ва ота-оналаримиз фарзандларидан бир нарсани сўрайди: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан ҳеч қачон тўхтаманг! Биз бу даъватга муносиб бўлиш, юксак ишончни оқалаш учун доимо изланишда ва,албатта, юксак марраларни эгаллаш йўлида интилишу ҳаракатда бўламиз.

Нилуфар РЎЗИЕВА,

АҚШнинг Чигаго университети магистранти