Маъруза Нагоя университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида ташкил этилди. "ЛEДлар билан дунёни ёритиш" мавзусидаги ушбу маърузада талабалар, ўқитувчилар, соҳа вакиллари иштирок этди.
— Бугун ёшларга профессор Амано ўзининг 14 йиллик тажрибаси, соҳага қандай кириб келгани ҳақида гапириб берди. Хусусан, профессор Нобел мукофоти лауреати бўлишига сабаб бўлган изланиши юзасидан ҳам атрофлича маълумот берди, — деди Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси бош директори Олимжон Тўйчиев, — Амано суҳбат давомида олиб борган изланишларида бир ярим минг марта муваффақиятсизликка учрагани, аммо шунда ҳам изланишларда давом этганини айтди, бу ёшларимизга улкан мотивация бўлади.
Маърузада, шунингдек, бугунги кун учун долзарб ва қизиқарли бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, электромобиллар борасида ҳам сўз юритилди. Ҳироши Амано ҳозирда мавжуд электромобиллардан бир неча маротаба самарали янги авлод электр мобиллар устида иш олиб бораётганини айтди.
Тадбирда Нагоя университети президенти Сейчи Матсуо ўз нутқи билан иштирок этиб, бу каби маърузалар келгусида кўплаб ташкил этилиши ҳақида айтиб ўтди. Сўнгра Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов мавзунинг долзарблиги хусусида маълумот бериб, бу каби ҳамкорликлар икки давлат ўртасида истиқболли лойиҳаларга пойдевор бўлишини таъкидлади.
Профессор Ҳироши Амано маърузаси ёшлар томонидан зўр қизиқиш билан тингланди. Тадбир сўнгида мавзу юзасидан атрофлича фикр мулоҳазалар билдирилди. Нобель мукофоти лауреати ёшларнинг кўплаб саволларига жавоб берди.