Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгиланган.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб амалга кирган ушбу қонун нормаси давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун бирдек мажбурий ҳисобланади.

Ўтган ўқув йили бошланишидан аввал бу ҳақида кенг жамоатчиликка бир неча маротаба батафсил маълумот берилишига қарамай, 7 ёшга тўлмаган болаларни мактабларга ноқонуний қабул қилиш ҳолатлари кузатилди.

Хусусан, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги “Умные дети” нодавлат таълим ташкилотига фарзандини 1-синфга 7 ёшга тўлмасдан жойлаштирган ва ҳозирги пайтда 2-синфга ўтказа олмаётган ота-оналарнинг мурожаатлари тарқалмоқда.

Бугунги кунда ушбу нодавлат таълим ташкилотида юз берган қонун бузилиши ҳолатлари ўрганилаётганлигини, ўрганиш натижаларига кўра қонун бузилишига йўл қўйган шахсларга ҳамда таълим ташкилотига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланишини маълум қиламиз.

Ҳурматли ота-оналар!

Умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши ҳақидаги қонунчилик талаби мулкчилик шаклидан қатъи назар барча мактаблар учун тааллуқли эканлиги тўғрисида Таълим инспекцияси томонидан юртимиздаги барча нодавлат мактабларнинг муассислари огоҳлантирилган.

Шундай экан, турли йўлларни қидириб, фақатгина пул топишни мақсад қилган айрим шахсларга ишониб, маблағингизни ва фарзандингизни қимматли вақтини бекорга сарфламаслигингизни сўраб қоламиз, дея ёзмоқда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси.