Бугунги кунда 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари маҳаллалардаги аёлларни касбга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яхши тажриба яратди.
Шу боис, қишлоқ жойларида бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотларга 2 миллиард сўмгача грантлар ажратилгани бежиз эмас.
2022 йил давомида ўзи ёки қарамоғида ногиронлиги бор бўлган хотин-қизларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш борасида, нодавлат нотижорат ташкилотларига берилаётган грантлар миқдори 5 бараварга оширилиб, 200 миллион сўмгача етказилиши белгиланди.
Бундан ташқари 2022–2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилинган бўлиб, аёлларни касбга, тадбиркорликка йўналтириш учун умумий миқдори 8 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўз аъзолари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида грант маблағлари, уларни мақсадли сарфланишии, асосан республикадаги маҳалларлар билан ишлашга эътибор қаратилиши юзасидан тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Юқоридаги ажратиладиган маблағларни мақсадли сарфланиши учун нодавлат нотижорат ташкилотларга грант кўринишида маблағлар ажратилиши бошланди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2022 йил 30 апрелдан 30 майгача ўтказилган “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлмаган маҳаллаларда аҳолини бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” ҳамда “Аҳолига ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини етказиш, уларнинг онги, маънавий-маърифий дунёқарашини ўзгартириш” мавзуларидаги давлат грантининг 1- ва 2-танловлари ғолибларига ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун 100 миллион сўмгача маблағ ажратилди.
Бунда, 1-танлов якунлари бўйича 43 та лойиҳа учун жами 3,5 миллиард сўм ҳамда 2-танлов якунлари бўйича 31 та лойиҳа учун жами 2 миллиард сўм давлат бюджетидан грантлар кўринишида ажратилди.
Шунингдек, 2022 йилда давлат органларининг ижтимоий буюртмалари асосида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича танлов ўтказилиб, жами 10 та лойиҳага умумий миқдори 8 миллард 430 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бу, албатта, маҳаллаларда хотин-қизлар, ишсиз ёшлар, тадбиркорликка қизиққан аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда жуда катта қадам ҳисобланади.
Грант танловларида ғолиб деб топилган нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз лойиҳаларини амалга ошириш орқали маҳаллабай ишлаш тизими учун жуда катта ҳисса қўшадилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳар йили ўз малакасини ошираётган ННТ раҳбарлари ҳам бу вазифаларни четлаб ўтаётгани йўқ. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ҳар йили ташкил этилаётган “Тренерлар штаби” аъзолигига кираётган ННТ раҳбарлари ўз ҳудудларидаги ёш, тажрибаси камроқ бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларига ёрдам бериб келмоқда. Бунинг натижасида, кўплаб ННТлар ўз ҳудудларида аҳоли учун ижтимоий кўмакларни бериб келмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан Шаҳрисабз шаҳрида “Хотин-қизларни бандлигини таъминлаш мухим вазифа” мавзусида бўш иш ўринлар ярмаркаси ташкил этилди. Натижада, марказда ўқиб сертификат олган кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Жорий йилнинг 22 июль куни Андижон шаҳридаги “ASR AYOLI” Андижон аёлларини ижтимой-иқтисодий ривожлантириш уюшмасида Андижон вилояти Минтақавий тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда Ассоциация ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Янги Ўзбекистон – янги ижтимоий муҳит: ҳудудда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқаришга кўмаклашувчи “Ақл маркази”ни ташкил этиш” номли лойиҳаси доирасида ўқув-семинари ўтказилди.
Шунингдек, Наманган вилояти Косонсой тумани, “Истиқлол” маҳалласида Наманган вилояти “Ижтимоий ҳимоя” жамиятининг Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Барчамиз инсон қадри ва ижтимоий турмуш тарзи учун маъсулдирмиз!” номли лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Ушбу грант лойиҳаси доирасида нодавлат нотижорат ташкилоти 71 та хонадон учун тоза ичимлик суви тармоғини фойдаланишга топширди. Ушбу жараёнларга ННТга Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ташкилий ва амалий жиҳатдан ёрдам берди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, маҳаллабай ишлаш, аҳолини иш билан таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бор шахсларга иштимоий ёрдам кўрсатиш, маҳаллалар ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам давлатга катта ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Баҳриддин Зиятов,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси бош мутахассиси