Хонанда ижодидан 10 та қўшиқни ўз ичига олган “Қадри осмоним” мусиқий альбоми, 3 йил давомида тайёрланган. Мазкур мусиқий альбомдан “Қадри осмоним”, “Ёмғирлар”, “Чиройлисан”, “Марямжон”, “Рамазон туҳфаси”, “Афсоналар водийси”, “Наманган”, “Хадиса”, “Юрак”, “Гўзал” қўшиқлари жой олган. Қўшиқлар шеърлари, шоира Рислиғой Ҳотамова, шоир Шаҳзод Назар, ҳамда Нодирбек Примқуловнинг ўз қаламига мансуб бўлиб, бастакорлар Мирзиёд Нурматов ва Бунёд Абдуллаев.
Шубҳасиз қўшиқлар ичида хонанданинг ўзи учун ҳам, энг қадрлиси ва юракка яқини “Қадри осмоним” қўшиғидир. Шунинг учун ҳам, мусиқий альбом шу қўшиқ номи билан аталган. Бу таъсирли қўшиқ аслида хонанда Сурайё Қосимованинг “Арзанда жоним” қўшиғига жавоб тарзида куйланган ва қўшиқ шеъри 2 ой муддат ичида ёзилиб, мусиқасининг ёзилишига 4 ой вақт кетган.
Нодирбек Примқуловнинг ўзи туғилиб ўсган диёри Наманганга бўлган кучли меҳри, унинг қўшиқларидан ҳам сезилиб туради. Мусиқий альбомдан ўрин олган “Наманган” қўшиғи, бунинг яққол исботидир. Шунингдек, хонанданинг мазкур альбомдаги “Афсоналар водийси” қўшиғида ҳам, аслида Намангандаги “Афсоналар водийси” номли боғ яъни, “Afsona Land”га урғу берилган. Хонанда бу ҳақида самимий тарзда “Ўзим туғилиб ўсган заминни куйлашни яхши кўраман” дейди.
Хонанданинг мусиқий альбомидан жой олган муҳаббат ҳақидаги “Ёмғирлар”, “Чиройлисан”, “Марямжон”, “Хадиса”, “Юрак”, “Гўзал” қўшиқлари ҳам, тингловчилар кўнглидан жой олиб улгурган. Альбомдаги қўшиқлар ичида “Хадиса” қўшиғи рус тилида куйланган тарона бўлиб, хонанда уни ҳам маромига етказиб ижро қилган.
Нодирбек Примқулов ҳамиша ўзи куйлайдиган ҳар бир янги қўшиққа дид ва масъулият билан катта аҳамият беради. У сонга эмас, асосан сифатга эътибор қаратади. Шунинг учун ҳам, хонанда куйлаган қўшиқлар тезда мухлислар эътиборини тортади. Хонанда ҳар бир қўшиғини тингловчи кўнглидан жой олиши учун тинимсиз изланиш билан банд бўлиб, жуда талабчан ижодкор. Айни вақтда у яна янги тарона устида ишламоқда.