“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига асосан мамлакатимизда ҳар йилининг 3 декабрида  “Халқаро ногиронлар куни” кенг нишонланиб келинади.

      Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги мажлиси баёнида  тасдиқланган чора-тадбирлар режасида юртимизнинг барча ҳудудларида  мазкур сана муносабати билан маънавий-маърифий, спорт ва хайрия тадбирларини юқори савияда ташкил қилиш бўйича мутасадди ташкилот ва идоралар зиммасига муайян  вазифалар юклатилган эди.

      Ана шу топшириқлар  ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят “Ногиронлар” жамияти ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақа ташкил этилди.

Жиззах шаҳридаги олимпия захиралари коллежи биносида бўлиб ўтган мусобақада вилоят маҳаллаларининг 30 нафардан зиёд имконияти чекланган фуқаролари иштирок этди. Қизғин кечган тадбирнинг  шахмат бўйича баҳсларида ғолибликни Жиззах шаҳар, “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинидан  яшовчи 2-гуруҳ ногирони Мавлуда Қосимова қўлга киритди. Шашка баҳсларида 1-ўрин “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи   биринчи гуруҳ ногирони  Ҳусан Норқўзиевга насиб этди.

      Спорт тадбири якунида ғолиблар ва совриндорларга  “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви томонидан эшитиш мосламаси, кўрпа-тўшак жилдлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа совғалар тақдим қилинди.

Худойберди Каримов.