Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “2026-2027 йилларда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳалари кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

1. Биноларни "Ноль энергия сарфли бинолар" тамойиллари асосида модернизация қилиш, қайта таъмирлаш ва қуриш концепцияси.

Концепцияга кўра, қуйидагилар биноларга “Ноль энергия сарфли бинолар” (ZEB – zero-energy building) тизимларини жорий этиш босқичлари ҳисобланади:

  • қисқа муддатли – 2026-2027 йилларда “ZEB” объекти ва нормативларни қабул қилиш;

  • ўрта муддатли – 2028-2030 йилларда давлат биноларида “ZEB Ready” тоифасини мажбурий жорий этиш;
  • узоқ муддатли – 2031-2040 йилларда янги бинолар учун ZEB/NZEB тоифасини мажбурий қоидалар сифатида жорий этиш.

2026 йилда 33 та туман (шаҳар)да биттадан ижтимоий муассаса биноларини “ZEB” тамойилларига асосланган ҳолда модернизация қилиш бошланади. Бунинг натижасида биноларнинг энергия самарадорлиги кўрсаткичлари 30-35 фоизга оширилади, табиий газ сарфини 100 фоизгача тежаш имконияти ва қурилиш соҳасида “ZEB” тизимини жорий этиш кўникмаси яратилади, шунингдек энергия самарадорлиги йўналишида 50 нафардан ортиқ “ZEB” мутахассислари тайёрланади;

2. Марказлашган маблағлар ҳисобидан давлат ташкилотлари, шу жумладан, ижтимоий соҳа муассасалари биноларини қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат ташкилотлари объектларини реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қуйидаги талаблар жорий қилинади:

  • объектлар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш, уларни қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш жараёнида энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ тадбирлар ва иш ҳажмларининг мақбуллаштирилишига йўл қўйилмайди;
  • объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари энергия аудити ҳисоботлари асосида ишлаб чиқилади (янги қуриладиган объектлар бундан мустасно);
  • марказлашган маблағлар ҳисобидан барча давлат ташкилотлари биноларини қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар қўлланади;
  • объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари улар фойдаланишга топширилгандан сўнг энергия самарадорлиги кўрсаткичи "C" тоифасидан кам бўлмаслигини назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилади.

 Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.06.2026 йилдан кучга кирди