Афсуски, атрофимизда соғлиғида муаммоси бор ногиронлар ҳам учрайди. Улар кўпинча яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилиш жараёнида ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож бўладилар.

Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи  Н.Ғ. ҳам фарзанди ногиронлиги сабаб “MINGBAEV’S ACADEMY OF ROBOTICS” корхонасига шартнома асосида бионик протез қўл учун буюртма беради.

Буюртма  90 кун ичида истеъмолчига етказилади. Аммо орадан 10 кун вақт ўтмай, протез тўсатдан ишламай қолган ва бола қўлининг кафт қисмини очиб, ёпилмаган. Протез мутахассис томонидан текшириб кўрилганда, сенсор қисмини қувватлайдиган батареялар тўғри зарядланмаган, деб топилган. Бундан ташқари, қўлларига эҳтиёжи катта бўлган ўқувчи дарс жараёнида ойлаб ундан фойдалана олмади.

Буни кўрган она  хизмат кўрсатувчи корхонага қўнғироқ қилиб фарзанди тақиб юрган протез қўл функцияси камлиги учун, умуман, организмига мослашмаётганлиги, ўрнига кўп функцияли протез тайёрлаб беришларини сўрайди.

Икки ўртада шартнома тузиш вақтида хизмат кўрсатувчи корхона томонидан протезлар ва уларни ҳар бир бемор учун индивидуал бўлиши, муддати ва нархи ҳақида батафсил маълумот берилган. Албатта, бу мураккаб мослама, айниқса, кичик ёшдагилар ундан фойдаланиши қийин кечади. Протез  организмга мослашгунга қадар бир йил давомида ота-оналарга тегишли тавсиялар бериб турилиши, техник носозликлар бўлса бепул таъмирлаб берилиши, хуллас доим мутахассис назоратида бўлиши  ҳақида ваъдалар берилганди, бироқ...

Аммо фуқаро Н.Ғ. оилавий корхона томонидан  фақат “янги модел учун вақт керак,  битай, деб қолди, техник тестлардан ўтиши керак” каби баҳоналарни эшитди, холос.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 ишонч телефонига тушган мурожаат қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томондан ўрганиб чиқилди.

Ўрганишларда ҳақиқатан ҳам, мурожаат ойлар давомида ҳал этилмай келинаётгани маълум бўлди. Натижада  истеъмолчига протез учун тўланган  62 миллион552 минг сўм маблағ “MINGBAEV’S ACADEMY OF ROBOTICS” томонидан қайтариб берилишига эришилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси