Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш, фуқароларимизга тўғри ва холис ахборот етказиш мақсадида Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Бугун, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишида депутатлар томонидан маъқулланди.
Лойиҳада нималар таклиф этилмоқда?
Нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилганда ундириладиган давлат божини шаффофликни таъминлаш хамда жисмоний ва юридик шахсларга енгиллик яратиш мақсадида қуйидагича оптималлаштириш таклиф этилмоқда:
Биринчидан, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун (двигатель қуввати ҳамда ишлаб чиқарилган муддатидан қатъий назар) БҲМнинг 3 баравари (ҳозирда 810 минг сўм) миқдорида давлат божи ундириш;
(Бугунги кунда давлат божи транспорт воситаси тури ва двигатель қуввати ҳамда ишлаб чиқарилган муддатига қараб БҲМнинг 2 бараваридан 10 бараваригача миқдорида ошиб боради).
Иккинчидан, кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаганлик учун агар кўчмас мол-мулк Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган бўлса (кв.м дан қатъий назар) БҲМнинг 1,5 баравари (ҳозирда 405 минг сўм), бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса БҲМнинг 1 баравари (ҳозирда 270 минг сўм) миқдорда давлат божи ундириш;
(амалда кўчмас мол-мулк Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган бўлса кв.м га қараб БҲМнинг 1 бараваридан
3 бараваригача, бошқа аҳоли пунктларида БҲМнинг 0,5 бараваридан
1,5 бараваригача ошиб боради).
Учинчидан, гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини тасдиқлашда жисмоний шахсларга БҲМнинг 1 баравари (ҳозирда 270 минг сўм), юридик шахсларга БҲМнинг 2 баравари (ҳозирда 540 минг сўм) миқдорда давлат божи ундириш;
(амалда шартнома суммасига қараб жисмоний шахсларга БҲМнинг
1 бараваридан 2 бараваригача, юридик шахсларга БҲМнинг 2 бараваридан
4 бараваригача ошиб боради).
Тўртинчидан, қарз шартномаларини тасдиқлашда шартнома суммасидан қатъий назар БҲМнинг 25 фоизи қилиб белгилаш (амалда шартнома суммасига қараб БҲМнинг 25 фоизидан БҲМнинг 1 бараваригача ошиб боради);
Бешинчидан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пул маблағлари учун меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун давлат божидан тўлашдан озод этиш (амалда БҲМнинг 30 фоизи).
Ўйлаймизки, Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида давлат божи суммаси оптималлашади ҳамда уни ҳисоблашда шаффофликка эришилади. Бундан ташқари, давлат божи суммаси камайтирилиши ҳисобига 290 млрд. сўмга яқин маблағлар аҳоли ихтиёрида қолади.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими