Ушбу анжуманда вазирликнинг давлат ҳуқуқий хизматларини тартибга солиш бошқармаси бош маслаҳатчиси Маъсум Хатамов ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуровлар нотариат соҳасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бердилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Нотариал палатаси 2020 йил январь ойида Нодвалат нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унга мамлакат ҳудудларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи 872 нафар нотариус аъзо бўлган.
Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров Нотариал палата томонидан олиб борилаётган кенг қамровли фаолият, шу жумладан, хориж ҳамда маҳаллий ҳамкорлик меморандумлари имзолаш орқали нотариат соҳасини такомиллаштириш, аҳолига ҳар томонлама қулайликлар яратиш, кўрсатилаётган нотариал ҳаракатларнинг сифатини яратиш ҳамда ягона амалиётни жорий қилиш иборат эканлиги таъкидлаб ўтди.
2021 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида нотариуслар томонидан кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ 148 750 та шартномалар расмийлаштирилди. Шундан квартирани, уйни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича 108 723 та олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. 27 752 та ҳадя шартномаси, 139 та айирбошлаш шартномаси рўйхатдан ўтказилган. 14 та корхона олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, 12 045 та нотурар жой олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, фуқаро ҳаётлиги давомида қараб туриш бўйича 77 та шартнома расмийлаштирилган.
Автомашина олди-сотди шартномаси сони жами 209 322 тани ташкил қилган бўлса, 8 400 та ҳадя шартномаси, 46 та айирбошлаш шартномаси расмийлаштирилган. 55 525 та автомототранспортни ижарага бериш бўйича ижара шартномаси расмийлаштирилган.
Кўчмас мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи билан (олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш) шартномалар, турар-жой ижараси, нотурар жой ижараси, васият, қариндошларга ва бошқа шахсларга мерос бўйича гувоҳнома, мерос мулкини кўриш бўйича кўрилган чоралар, эр-хотиннинг умумий мулкидаги ўз мулки бўйича гувоҳнома, автотранспортни бошқариш бўйича қариндошлар ва ўзга шахсларга берилган ишончнома, тасарруф этиш ҳуқуқи билан берилган ишончнома ва бошқа ишончномалар бўйича жами нотариал ҳаракатлар 2 128 878 тани ташкил қилди.
Шулардан нотариал идорадан ташқарида тасдиқланган нотариал ҳаракатлар (сайёр хизмат) – 7 539 тани, давлат божидан озод қилинган нотариал ҳаракатлар – 21 887 тани ташкил қилди.
Рақамлар таҳлили бўйича ярим йил давомида бир нафар нотариус ўртача
2 441та нотариал ҳаракатларни амалга оширди.
Айниқса, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда консуллар билан олиб борилаётган яқиндан ҳамкорлик нотариал ҳаракатлар бўйича содир этилиши мумкин бўлган фирибгарлик ҳамда қонун бузилишларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшмоқда.
Вақтинча чет элларда истиқомат қилаётган фуқаролар нотариал ҳаракатларни узоқдан туриб амалга оширишлари бўйича нима ишлар қилинган? Ҳужжатлар ҳақиқийлиги қандай текширилмоқда?
Адлия вазирлиги масъул ходими Маъсум Хатамов таъкидлаганидек, ҳозирги кунда вақтинча чет элларда истиқомат қилаётган фуқароларимиз Киев конвенцияси, Гаага халқаро шартномасига кирган мамлакатларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариусларга боришлари ёки консулхоналарга мурожаат қилишлари мумкин. Шу билан бирга, Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров Ташқи ишлар вазирлиги билан ташкил этилган “Телеграм” мессенжеридаги мулоқот гуруҳи орқали хориждаги ҳамюртларимиз томонидан имзолангани у ёки бу нотариал ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги текширилмоқда, ҳар иккала тараф ҳамкорликда фуқароларга қулайлик яратилганлигини айтиб ўтди.
Нотариуслар фаолияти қандай назорат қилинмоқда? Биринчидан, Маъсум Хатамов айтганидек, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан ҳар бир нотариуснинг ҳар бир ҳаракати кўриниб туради ва Адлия вазирлиги томонидан назорат қилинади. Бундан ташқари, Нотариал палатанинг “Телеграм” мессенжеридаги “Нотариус маслаҳати Чат” мулоқот чати орқали фуқаролар учун 24 соат давомида нотариусларнинг хатти-ҳаракати бўйича мурожаатлар ва нотариал ҳаракатлар юзасидан саволлар бериш имконияти яратилган. Ҳар бир мурожаат ва саволлар жавобсиз қолдирилмайди.
Матбуот анжуманида иштирок этаётган журналистлар шунингдек, иккиламчи бозорда автомототранспорт воситаларини расмийлаштириш бошқа мамлакатлардагига қараганда қимматлигига эътибор қаратишди. Бу борада Адлия вазирлиги масъул ходими тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда автомототранспорт учун йўл фонди учун тўловни бир маротаба ундириш масаласи кўриб чиқилаётганлиги, бу масала яқин муддатларда ижобий ҳал этилиши бўйича ахборот берди.
Шунингдек, ОАВ ходимларига куни кеча эълон қилинган “Нотариат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низом” ҳақида Ҳукумат қарори (464-сон, 27.07.2021 й.) тўғрисида маълумот берилди.