Шу ўринда, айтиш жоизки Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йил 2 майдаги 103-мҳ-сон буйруғига “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар” иловасининг 1-банди “медиатор вазифасини бажаради” қўшимчаси билан тўлдирилгани ҳам бежиз эмас.
Жорий йилдан бошлаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга мулкий ва мерос масалаларида низоларни судгача ҳал қилиш – медиатор вазифасини бажариш вазифаси юклатилган.
Хусусан, фуқаролар, эр ва хотин, оила аъзолари ўртасидаги можаролар кўпинча мулкий низолар кўринишида бўлади.
Ўзбекистон Республикасида медиацияни қўллаш доираси “Медиация тўғрисида”ги Қонун билан аниқ белгилаб қўйилган. Қонуннинг 3-моддасига кўра, қуйидагиларга нисбатан медиация тартиб-таомиллари қўлланилади:
-фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга;
-тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ келиб чиқадиган низоларга;
-якка меҳнат низоларига;
-оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга.
Медиация низоларни ҳал қилишнинг бошқа усуллари, хусусан низоларни суд тартибида ҳал қилишдан ўзининг бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради. Биринчидан, низоларни медиация воситасида ҳал қилиш суд тартибига нисбатан анча қисқа муддатларда амалга оширилади. “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши кераклиги, зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Иккинчидан, медиация тартиб-таомиллари қўлланилганда ишга тааллуқли барча маълумотлар мутлақо сир тутилади. Ўртадаги низо ва унга оид фактлардан фақатгина тарафлар ва уларнинг вакиллари ҳамда медиатор хабардор бўлиши мумкин ва уларга қонун билан бу ахборотларни ошкор қилмаслик мажбурияти юклатилади.
Махфийлик принципи айниқса оилавий низолар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда муҳим аҳамиятга эга.
Низони медиация усулида ҳал қилиш бундай салбий оқибатлардан ишончли ҳимоя бўлиб хизмат қилади.
Учинчидан, медиация воситасида ҳал қилинадиган низоларда ҳар иккала тараф учун ҳам мақбул келишувга эришилади.
Юқоридаги ҳолат айнан мана шу медиация тартиб-тамойилларига мос келади.
Албатта, куни келиб, сафимизни профессионал медиаторлар тўлдиради. “Медиация тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, медиаторнинг фаолияти профессионал яъни ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс ёки нопрофессионал асосда яъни фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.
Ойгул Зокирова,
Янгиер шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус