Тадбир давомида Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳусусан, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, ёшларнинг таълим олишлари ва улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилаётгани ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 августдаги “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига алоҳида эътибор қаратилар экан, ушбу муҳим ҳужжатларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши ва салмоқли натижалари билан боғлиқ маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Шундан сўнг учрашув очиқ мулоқот, яъни савол-жавоб тарзида давом этди. Талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Бош консулхонанинг 2022 йил давомида Сибир федерал округи ҳудудидаги ўзбек талабалари билан амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар режаси билан ҳам таништирилди.
Учрашув қатнашчилари орасидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси йўлланмаси билан таълим олаётган ёшлар вакиллари сўзга чиқиб, ташкил этилган очиқ мулоқот учун тенгдошлари номидан миннатдорлик билдиришди.
Учрашув якунида талаба ёшлар орасидаги ўзбек қизлари Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Бош консулхона томонидан қутланди. Уларга эсдалик совғалари топширилди.