Бугун мусобақа олдидан журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мазкур чемпионат Марказий Осиё аралаш жанг санъатлари Конфедерацияси, Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси ва Ўзбекистон жанг санъатлари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.
Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан аралаш жанг санъати усталари ғолиблик учун куч синашади.
Чемпионат жадвалига кўра, 9 октябрь куни спортчилар 52,2 кг, 56,6 кг, 61,2 кг, 65,8 кг, 70,3 кг, 77,1 кг, 83,9 кг, 93 кг, 120 кг ва +120,2 кг вазн тоифаларида саралаш беллашувларига киришади. Сўнгра ярим финал жанглари бошланади.
Шу куни кечқурун Марказий Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилади.
Финал беллашувлари ва ғолибларни тақдирлаш маросими 10 октябрга режалаштирилган.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида Зокиров Ҳумоюншоҳ, Беҳрўз Исроилов, Ҳусниддин Сатторов, Шукрулло Рустамов, Беҳрўз Акбаров, Мунис Мўминжонов, Икром Эржанов каби 20 нафар спортчи ғолиблик учун курашади.
Матбуот анжуманида мусобақанинг фахрий меҳмони – Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси президенти Кеннит Браун сўзга чиқиб, Ўзбекистонда, хусусан, чекка-чекка ҳудудларда ҳам спорт турларига берилаётган эътибор, спортчилар учун яратилаётган шароитлар туфайли бугунги кунда халқаро майдонларда ўзбек спорти нуфузи ортиб бораётгани ҳақида илиқ фикрларини билдирди.