Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида бўлиб ўтаётган маданий-маърифий тадбирлар доирасида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ Ўзбекистон Қаҳрамонлари ва уларнинг оила аъзолари, маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берар экан, қорақалпоқ заминидан етишиб чиққан Муса Эрниязов, Ибрагим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов сингари турли соҳалардаги юрт қаҳрамонларининг Ватан равнақи, эл фаровонлиги, фарзандлар тарбияси йўлида бахшида бўлган шарафли умр йўллари ҳақида бирма-бир тўхталиб, қаҳрамонлар ва уларнинг оила аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Анеся Сайтова ва Серсенбай Сейтназаровлар ёшларга ўзларининг қаҳрамонлик ҳаёт йўллари, чеккан шарафли машаққатлари, ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.
Эслатиб ўтамиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан чоп этилган мазкур китоб-альбом миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилди. Унда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони ҳамда “Олтин Юлдуз” медали билан тақдирланган 103 нафар юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.