Марказ фаолиятини ташкил этишда Мудофаа вазирлигининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Яъни, ташкил этилган марказда 4 нафар ҳарбий шифокорлар ва 4 нафар ҳарбий тиббиёт муассасаларининг кичик тиббий персонали ватандошларимиз саломатлигини сақлаш, пандемия билан курашишда малака алмашиш мақсадида хизматда бўлишади.

Марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, тиббиёт мутахассислари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Муратбай Жуманов сўзга чиқиб, жумладан шундай деди: “Бугунги кунда аҳолига узлуксиз тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда Коронавирус юқумли касаллиги билан касалланганларни даволаш сифатини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистонда 167 та тез ёрдам машиналари ҳамда халқ орасида COVID-19 касаллик белгилари бўлган фуқароларни шифо масканларига етказиш учун Нукус шаҳрида 42 дона ва ҳар бир туманда ўртача ҳисобда 6-7 донадан жами республика бўйича 183 та мобил бригадалар ишлаб келмоқда”.

Айтиш жоизки, айни вақтда Қорақалпоғистон Республикасида тез тиббий ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёж тўлиқ таъминланган ҳамда бу йўналишда 838 нафар шифокор ва 1091 нафар фельдшер фаолият олиб бормоқда.

Ташкил этилган вақтинчалик марказда 7 та блокдан иборат жами 390 ўринли жойлар ташкил этилиб, биринчи қаватида 224 ўринли ётоқ жойлар касаллик туфайли нафас олиши қийиналган беморлар ва иккинчи қаватдаги 166 та жой касаллик аломатлари енгил кечадиган беморлар учун белгиланган.

Касаллик аломатлари бор беморларни қабул қилиш жойида Ультратовуш текширув аппарати (УЗИ), Рентген аппарати, ЭКГ ва лаборатория хизмат кўрсатади. Беморларни ташхислаш ва даволаш учун барча зарур тиббиёт воситалари ва нафас олишни енгиллаштирувчи аппаратлар ўрнатилган. Юришга қийналган ва аҳволи оғир беморлар учун ногиронлик аравачалари ва тиббиёт замбиллари мавжуд.

Марказ фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 14 кунлик навбатчи сменада 12 соатдан иш вақти этиб белгиланган. Унда жами 150 нафар малакали тиббиёт ходимлари фаолият кўрасатади. Шунингдек, ушбу тиббиёт муассасасининг иш-фаолиятини тўғри йўлга қўйиш ҳамда беморларни даволашда тасдиқланган усулларни қўллашни ўргатиш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтининг юқори тоифали мутахассислари ушбу жараёнларга жалб қилинган.

Тиббиёт муассасаси, ходимлар ва беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш, пандемия тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда ҳудуд қўриқловини ташкил этиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ томонидан вақтинчалик оператив штаб ташкил этилган бўлиб, унда кечаю кундуз навбатчилик йўлга қўйилган. Қолаверса, шифокорларнинг Тошкентдаги марказ билан маслаҳат ва тажриба алмашиш, беморларни даволашда консилиумлар ўтказиш мақсадида ҳарбий округ томонидан 24 соатлик онлайн видеоконференц алоқа тизими жорий этилган.

Оператив штаб ичкарида ўрнатилган 8 дона видеокузатув камералари орқали марказ ички фаолиятни ташқаридан туриб доимий назорат ва ҳамкорлик қилиш имконига эга.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент тажрибасидан келиб чиқиб, Нукус шаҳридаги 3 та спорт объектларида 1000 ўринли, Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида 200-500 ўринли тақсимлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар бугунги кунда жами 5 200 ўринни ташкил этади.