Қайд этиш керакки, бугунги кунда қуйи палатанинг кўриб чиқишида жами 28 та қонун лойиҳаси бўлиб, улардан 5 таси биринчи ўқишга, 18 таси эса иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Спикер ўз нутқида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнининг ҳуқуқий асосларини таъминлашда парламент аъзоларининг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятини янада жонлантириш муҳимлигини таъкидлади. 

Қонунчилик палатаси Спикери қуйи палатада кўриб чиқилиши режалаштирилаётган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ энг муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, бугунги кунда қонун лойиҳасини қуйи палатанинг навбатдаги мажлисларида кўриб чиқиш учун барча зарур маълумотларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.