Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ,Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ. Ёйинким бир аср зиндонда ётмоқ – Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ...
Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Мунис, Аваз Ўтар, Омон Матжон, Матназар Абдулҳаким, Эркин Самандар, Комил Аваздек закийлар Ватани бўлмиш Хоразм авлиёлар, алломалар юртидир. Ястаниб ётган майдон узра виқор билан қад кериб турган миноралари, очиқ осмон остидаги музей ва зиёратгоҳлари, Калта минорларию, Ичан қалъалари... Буларнинг бари қадим ўлка салобатига, саодатига ҳисса қўшгулик.
Республика Зомин семинарининг ҳудудий босқичи бу гал Қорақалпоғистон Республикасининг ижодкор ёшлари ҳамда Хоразм вилоятининг ёш қаламкашлари иштирокида бўлиб ўтди. Кўҳна Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги ижод мактаби мезбонлик қилган семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, устоз адиблар қатнашди. Тадбирда воҳа ёшлари шеър, ҳикоя, бадиий публицистика, адабиётшунослик, болалар адабиёти, бадиий таржима каби йўналишларда ўз маҳоратларини синаб кўрди. Юраги адабиётнинг меҳри билан тўлиб бораётган ёшларга устозлар ижод борасида тавсиялар, фикрлар берди.
Шу куни ёшлар Огаҳий уй музейи ёнидаги гужумларнинг серсоя ҳовлисида шеърлар ўқиди. Хива оқшомларига уланиб кетган мушоирада дилдан сизиб чиққан назмий оҳанглар, Хоразм суворалари дилларга етиб борди.
Наргиза Асадова,
шоира