Агар таъбир жоиз бўлса, бу қарор дунёнинг турли минтақаларида, юзлаб мамлакатларда истиқомат қилаётган азиз ватандошларимиз учун ўз она Ватанига дарёдил Мезбоннинг самимий чорлови, шунингдек, ўзликни англаш ва қадрлаш борасида очилаётган қутлуғ дарвоза, нурафшон йўл. Бу дарвозадан фақат ёруғ кўнгил, хуш ният, мустаҳкам эътиқод, соғинч ва муҳаббат билан кирмоқ жоиз.

Дунёда ўз онасини соғинмай яшайдиган инсон бўлмайди. Шундай экан, она Ватани – жонажон Ўзбекистонимизни соғинмаган ватандошларимизни ҳам топиш қийин. Улар айни кез қанчалик тараққий этган, бой ва улуғвор давлатларда истиқомат қилмасин, гўзал шароитларда ишлаётган бўлмасин, барибир Заҳириддин Бобур ҳазратлари бошидан ўтказган соғинч изтиробини туяди, ҳис қилади — гоҳ пинҳон, гоҳ ошкора Ватан тупроғининг исларини, ифорларини қўмсайверади.

Мазкур қарорнинг мақсад-муддаоси баён қилинган илк жумлаларнинг ўзиёқ инсоннинг қалб кўзини очиб юборади: “Хорижда истиқомат қилаётган Ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш...”

Бугунги замонда жуда кўплаб мамлакатлар ўз аҳолиси, фуқароларининг ҳаётини фаровон қилишга, истакларини амалга оширишга куч-қувват, имкон тополмай ҳалак бўлиб турган пайтда, мамлакатимиз раҳбариятининг узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати не-не давлатларнинг ҳавасини келтираётгани муқаррар.

Бу хайрли, айни пайтда, хорижда истиқомат қилаётган миллионлаб ватандошларимиздан ташқари, уларнинг юртимизда қолган қариндош-уруғлари, жон-жигарлари орзиқиб кутган тарихий ҳужжат аслида. Қарорни бандма-банд ўқиганингиз сари кўнглингиз тиниқлашиб, чеҳрангиз офтобланиб, вужудингиз қувватланиб — давлатимизга, халқимизга ишончингиз ортиб боради. Ҳа, бу ҳар бир банди нурли, мағзи тўқ ғоялар саодатига йўғрилган қарор ўз-ўзидан вужудга келиб қолмаган. Булар аслида чорак аср аввал қилиниши лозим бўлган, аммо замона зайли билан истиқболи чўзилган илтижолар инъикосидир.

Президентимизнинг нияти ғоят самимий, ғоят улуғ. Биз дунё илм-фани, маданияти, маърифати, тараққиётида туб бурилиш ясаган икки Ренессанс — буюк Уйғониш пойдеворини яратган аллома аждодларимизнинг руҳи поки олдида масъулмиз, қарздормиз. Энди дунё ўзбеклари Имом ал-Бухорий, ҳазрат Навоий, Абу Райҳон ал-Беруний, Абу Али ибн Сино номи билан бирлашадиган кунлар, янги Ўзбекистон бағрида уларга муносиб авлод шаклланаётганини исботлайдиган дамлар келди. Энди миллий ўзликни англаш, дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, ўзбек бўлиб яшаш, тилини, элини, бобо-ю момолардан мерос — бемисл маънавий-маърифий хазиналарни унутмай яшаш, қолаверса, бир-бирига ҳам моддий, ҳам руҳий жиҳатдан елка тутиб, ҳамкор, ҳамфикр, ҳамдард бўлиб нафас олиш “Ўзбекман! Ўзбекистонданман!” деган ҳар бир миллатдошимизнинг, юртдошимизнинг фарзандлик бурчи бўлмоғи шарт.

Қарорнинг амалий мақсади бу улкан заминда Ўзбекистон деган мамлакат борлигини барчага эслатиб қўйиш! Токи нафақат янги Ўзбекистон фуқаролари, дунёнинг юзга яқин мамлакатларида истиқомат қилаётган ўн миллиондан зиёд ватандошларимиз ҳам ўзидан, миллатидан, тилидан ифтихор қилиб яшасин! Токи ортида Шарқнинг машъали — серқуёш Ўзбекистони борлигини, бутун дунё халқлари тинчлиги, омонлиги ва бирдамлигини кўзлаб, оқилона сиёсат юритаётган Президенти борлигини ҳис қилсин. Ахир Мир Алишер Навоий ўз даврида ифтихор ила айтганларидек:

Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам!

Ана шу “якқаламлик” — якдиллик, бир тан-у бир жон бўлиб яшаш саодати ва масъулияти бугун ватандошларимизнинг янги Ўзбекистонни қуришга, унинг янги парвозлари учун мустаҳкам қанот бўлишга даъват этади.

Шуни унутмаслик керакки, “Ватандошлар” жамоат фонди амалга оширадиган барча эзгу ишлар халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ҳолда, ватандошлар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хорижда яшаётган Ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркиникларини ҳимоя қилишни кўзда тутган. Қолаверса, хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган Ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш сингари долзарб масалаларга жўяли ечим топишдек шарафли, айни пайтда мураккаб вазифалар ижроси ҳам ушбу жамоат фондининг чекига тушади.

Фонднинг вазифалари ниҳоятда кенг қамровли ва эртанги кун учун муҳим. Дарвоқе, ҳозирда хорижда ўзбек тили ўқитилаётган таълим муассасаларини кадрлар билан таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шунинг учун хориждаги ватандошларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш шартномасига кўра, Ўзбекистон фуқароларига тенглаштириш назарда тутилгани мазкур фонднинг илк қадамлари сифатида қабул қилинса, нур устига нурдир.

Бир пайтлар муаммолар ўзанига айланиб қолган жуда кўплаб соҳаларда фидойи Юртбошимиз раҳнамолигида кейинги 4-5 йил ичида катта кўламдаги эзгу ишлар амалга оширилдики, “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ўша хайрли ташаббусларнинг узвий давомидир. Бу, албатта, қувонарли ҳодиса. Айниқса, биз ижодкорларни мамнун этадиган жиҳати хорижда ватандошлар томонидан ташкил этиладиган нуфузли тадбирларда мамлакатимизнинг, фан арбоблари, диний уламолари, маданият ва санъат вакиллари, спортчилари қаторида таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокини таъминлашга кўмаклашиш ҳам назарда тутилган. Табиийки, хориждаги юртдошларимиз орасида адабиётга ихлосмандлари бисёр, ҳатто жуда баракали қалам тебратиб, ўз асарлари билан жаҳон китобхонлари меҳрини қозонаётган ижодкорларимиз бор. Улар билан учрашув, дилкаш гурунглар, ўзбек адабиётининг эртанги кунига доир суҳбатлар мана шу фонд кўмагида, кўламида юз бериши янада завқлидир.

Қарордаги яна бир эътиборли жиҳат шуки, “Ватандошлар” жамоат фондининг олий органи — Васийлик кенгаши тўлақонли фаолият юритиши учун иқтисодий асоси яратиб берилган. Фондни ташкил этиш учун дастлабки зарурий маблағ сифатида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаларидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, фонд учун ҳисоб рақами очилиб, унга тушадиган маблағлар манбаси аниқ кўрсатилган...

Мухтасар айтганда, “Ватандошлар” жамоат фонди дунё ўзбеклари, қон-қардош миллат вакиллари – барча Ватандошлар йўлига ёқилган чироқ. Бу эзгу мақсад, иншооллоҳ, ўзининг мевасини, натижасини беради. Муҳими, ер шарининг турфа масканларидан макон топган қоракўз халқимиз вакилларининг кўнгли тоғдек юксалади, ўзига бўлган ишончи, фахр-ифтихори янада ортади. Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистоннинг ҳар жабҳада чиндан ҳам янгиланаётганига, унинг юксак марраларга элтувчи нурафшон ғоялари, муаззам орзу-интилишлари рўю рост, самимий эканига амин бўлишади.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири