Қарши шаҳридан уч-тўрт чақирим нарида бир пайтлар арши аъло билан сирлашган, ҳозир эса кексайиб, ер қаърига тобора кириб бораётган Қўнғиртоғ исмли тоғ бор. Бу тоғнинг этагида қадим даврларда ўзбекнинг некўз номли уруғи яшаган.

Бугун ўзбек элатининг бошқа турфа уруғлари сингари некўз ҳам халқнинг улуғ ва бепоён уммонига сингиб-қўшилиб кетган. Ҳозир ўша уруғга мансуб аждодлар яшаган жой Некўз деб аталади. Бундан роса саксон йил муқаддам – 1941 йил 21 мартда  Некўз қишлоғида Наврўз билан эгизак бир фарзанд туғилди. Бу фарзанднинг номи бугун бутун дунёга машҳур шоир Абдулла Ориповдир.

Эҳтимол, бир кун келиб, Косон туманидаги Некўз қишлоғи ҳам тарих қаърига сингиб кетар. Аммо бугун аниқ айтиш мумкинки, ўшандай олис  ва кўнгилсиз келажак келган тақдирда ҳам Некўз қишлоғининг номи атоқли ўзбек шоири Абдулла Орипов туфайли маданиятимиз тарихида абадул абад қолади.

Абдулла саккиз болали оиланинг кенжа фарзанди бўлгани учун отаси унинг бошқа акалари қатори Қарши ёки Тошкентга бориб ўқишини дастлаб истамади. Боғбон ота ўзининг бу ўлмас эли-юртини ноз-неъматлар билан таъминлайдиган, ўзи ҳам самарасидан бебаҳра қолмайдиган ҳунарини севимли фарзандига мерос қилиб қолдирмоқчи эди. Лекин тақдир тақозоси олдида отанинг бу эзгу нияти ҳам рўёбга чиқмай, армон бўлиб қолди.

Эл шаънини юксалтирган улуғ шоирнинг отаси бўлиш бахти – қисматнинг сийлови. Аслида, кенжа фарзанд ҳам, барибир, боғбон бўлиб ўсди. Фақат у ўз ниҳолларини инсонлар қалбига экди, шу инсонлар қалбидаги ниҳолларни узоқ йиллар давомида парвариш этди ва бугун Абдуллага замондош бўлган кишилар қалбида у яратган мевалар ҳил-ҳил пишиб камалак нурлари билан товланиб турибди.

Абдулла туғилиб ўсган қишлоқда ўша мушкул йилларда радио ҳам, ойнаи жаҳон ҳам, бўлажак шоирга мактаб бўларлик бошқа омиллар ҳам йўқ эди. Аммо унинг турли илмгоҳларда таҳсил кўраётган акалари қишлоққа таътил кунларида келганларида уйда даста-даста китоблар пайдо бўлар ва хонаки кутубхона кундан-кунга бойиб борар эди.

Ана шу китоблар Абдуллага руҳий озуқа берибгина қолмай, унинг юрагида шеъриятга муҳаббат оловини ҳам ёқиб юборди. Саратоннинг зерикарли жим-жит кунлари, кузнинг изғиринли оқшомлари, қишнинг олис ва совуқ кечаларида у Пушкин ва Лермонтов билан, Ҳамид Олимжон ва Ғафур Ғулом билан сирлашиб, шеърият алифбосини симирди. Раҳматлик Маҳкам момонинг турфа ривоятлари, Исмоил чўлоқнинг олди-қочди ҳангомалари орқали халқнинг сеҳрли оғзаки ижоди билан танишди. Ана шу икки манба таъсирида ўзи ҳам нималарнидир қоғозга туширди. Бу қоғозга туширганлари кундан-кунга у орзу қилган шеърга ўхшаб борар эди.

Абдулла 1958 йили ўрта мактабни битириб, Тошкентга келганида унинг ёнида фақат олтин ҳарфлар билан ёзилган етуклик шаҳодатномасигина эмас, балки ёдида Пушкиннинг, Лермонтовнинг, бошқа классик шоирларнинг, шунингдек, ўзининг ҳам юзлаб сатрлари бор эди.

 У дорилфунунда таълим олар экан, талабалик йилларининг шукуҳли нафаси, биринчи бўса ва биринчи муҳаббат армони, дастлабки инсоний қувонч ва изтироблар унинг – ёш шоирнинг дафтарига мунис ҳислар ўлароқ тўкилди. Унинг зуваласидаги шоирлик аста-секин  баҳор куртаклари сингари ниш ура бошлади.

Абдулла ўз ҳаётининг ана шу баҳорий палласини эслаб, “шеърият киши қалбига, энг аввало, руҳий ташналик, чексиз эҳтиёж, ажиб бир сеҳр тариқасида кириб келади”, деб ёзган эди.

 Бугун биз Абдулла Ориповнинг матбуот юзини кўрган илк шеъридан тортиб,  шу вақтга қадар яратган асарларини назардан ўтказсак, ундаги  шеъриятга ҳавас улкан шоирларга тақлид тарзида эмас, балки чиндан ҳам руҳий ташналик, чексиз эҳтиёж ва ажиб бир сеҳр тариқасида майдонга келганига ишонч ҳосил қиламиз. Чамаси, ҳақиқий шоир ҳам шундай эҳтиёж фарзанди сифатида дунёга келади.

Шоирнинг эл оғзига тушган дастлабки шеърларидан бири – “Тилла балиқча”да лойқа ҳовузга ташланган ва ташландиқ ушоқларни еб катта бўлаётган балиқчанинг ҳолати тасвирланган эди.

Абдулла бу шеърида тилла балиқчанинг шу кўлмакдаги ачинарли қисматини кўриб эмас, балки унинг шу сассиқ ҳовузни дунё деб тушунишидан мутаассир бўлган. Оддий ҳаётий манзарадан кутилмаган ва кўламли фалсафий хулоса чиқаришидаёқ унда катта шоирларга хос нигоҳ ва сезги мавжудлиги юз кўрсатган эди. У кейинчалик ўзидаги ана шу фазилатларни ривожлантириб, ҳаётий мавзуларни ўзбек шеърияти учун янги нуқтадан туриб ёритишда давом этди. Ана шу аснода у ўз ижодий овози ва услубини топди.

 “Тилла балиқча” Абдулла Орипов ижодининг шаклланиш фаслида ёзилган бўлса-да, шу фасл доирасида қолиб, бугунги кунда унутилган шеърлари жумласига кирмайди. У Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” қиссасидаги норасида бола образи сингари тимсол даражасида аҳамиятга молик.

Тилла балиқча – бу ҳозирги воқеликда, чиркин бир шароитда, баъзан ғаламис кишилар қуршовида яшаётган истеъдод соҳибининг образи.

Одатда, шоирлар қавмининг бутун инсониятга мансублигини таъкидлаш ниятида уларнинг миллат ва ватан тушунчаларидан илғорлаб кетгани айтилади. Бу мутлақо хато фикр. Шоир, энг аввало, ўзи туғилган эл-юрт табиатини, унинг бетакрорлиги ва ўзига хослигини, орзу ва армонларини куйлаш жараёнида бошқа эл-юртлар учун муштарак бўлган қадриятларга муносабатини ҳам бадиий тасвирга сингдириб боради.

Абдулла Орипов шеъриятининг гўзал намуналаридан бири “Юртим шамоли” шеъридаги мана бу сатрларни яна бир бор эсланг:

Мен-ку бу дунёда бир зори висол,

Карбало даштида Мажнунсифатман.

Шамоллар ичида мен ҳам бир шамол,

Чечаклар атридан мен ҳам сармастман.

Лекин сен руҳимнинг мангу хаёли,

О, юртим шамоли, юртим шамоли...

 

Эсгин-эй, боғларнинг жамоли кулсин,

Мовий нафас билан тўлсин этаклар.

Учқур қўшиқларга бу олам тўлсин,

Шаънингга шоирлар айтсин эртаклар.

Эсгин, ватанимнинг таралсин боли,

О, юртим шамоли, юртим шамоли.

Жўшқин мисралар, ўтли сўзлар тарзида шоир юрагидан отилиб чиққан бу туйғулар ўзбек учун ҳам, фаранги учун ҳам, ҳинду учун ҳам тушунарли ва азиз бўлса, не ажаб.

Аммо улар ўзбек диёридан, аниқроғи, Абдулла Орипов учун муқаддас бўлган Қарши чўлларидан эсган шамолдан мавж олган. Шоир ўз юртига бўлган соғинчи, меҳр-муҳаббатини куйлар экан, беқиёс даражага кўтарилади. Умуман, у ўзининг нурли оҳанглар билан йўғрилган шеъриятида бугунги замоннинг фожиалар, кулфатлар, нохушликлар билан тўла воқелигидан юксалиб, жаҳон шеърияти классиклари  мушоира қилаётган илоҳий манзилга кўтарилгандек бўлади.

Нурли оҳанглар – фақат некбин ғоялар ва туйғулар силсиласигина эмас. Баъзан шоир ўз қалбидан юзиб чиққан мунгли ҳислар шалоласини оппоқ қоғоз узра тўкканида ҳам китобхон дили шу мусаффо туйғулар туғёнидан хийла покланиб, мунгдан-да нурланиб кетгандек бўлади.

Инсон ўз умрини ўйласа кўп вақт,

Қийнайди ўзидан ўтган қусурлар.

Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат,

Кимдандир сўралмай қолган узрлар…

Инсонга тобемас замон, инчунун,

Инсон юрагида аламлар қат-қат.

Фақат бир таскин бор барчаси учун

Афсус чека билсанг – шу ҳам бир давлат.

 Абдулла Орипов ўзининг бундай теран инсоний кечинмаларга бой шеъриятида донишманд файласуф даражасига кўтарилади. Ёши анча улуғ ҳамкасбларига ҳам насиб этмаган бу фазилат унда қандай қилиб барвақт ниш урди, деб сўрашингиз мумкин.

 Бизнингча, бунинг боиси шундаки, унинг шоирлик қалби шу давр мобайнида бошқаларга нисбатан кўпроқ меҳнат қилди, унинг миясидаги ҳужайраларнинг аксар қисми фаол ишга жалб этилди. Шу боис унинг нигоҳи ҳам, туйғулари ҳам фавқулодда теранлик касб этди.

 Шу боис у ҳаётдаги нохуш ҳоллардан кўпроқ озор чекиб, ўзини қуршаган муҳитдаги норасоликлардан беҳад азоб тортди. У тилла балиқча сингари кўлмакдаги чириган хас-хазонлар билан муроса қила олмади. Энг муҳими, Аллоҳ ҳар кимга ҳам ҳадя қилиб берилавермайдиган буюк истеъдодни унга, Абдулла Ориповга бахшида этган эди.

Шоирнинг “Ишонч кўприклари” шеърида ўзини қийнаган маънавий муаммолардан бири теран бадиий талқин этилган. Бугун маълум бўлишича, бу шеър куни кеча фақат ижодкорлар ўртасида кўзга ташланган қусурларга эмас, балки умуман жамиятимизнинг маънавий тушкунликка юз тута бошлашига қарши қаратилган экан.

Шеърдаги ҳар бир сатр шу маънода кишиларни огоҳликка ундовчи, улуғ давлатни оламшумул ҳалокатдан сақлаб қолишга даъват этувчи руҳий қувватга эга экан. Қуйидаги мисралар шундан далолат беради:

Юздан парда кетса,

Дилдан диёнат,

Меҳр ришталари зимдан узилса,

Юракларни босса шубҳа, хиёнат,

Ишонч кўприклари бузилса;

 

Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,

Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар;

Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,

Ғазналарга чўзилса қўллар…

 

...Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби

Бир-бирларин ғажиб есалар;

Минбарларга чиқса кўча-кўйнинг гапи,

Андишани қўрқоқ десалар…

Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,

Вабо ҳам қочади ундан йироққа.

Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,

Ҳатто тупроқлари тушар титроққа...

Шоир башорат қилган экан. Халқнинг олди бўлган кишиларни иймон тарк эта бошлагани боис, тўғрироғи, оммавий тус олган иймонсизлик сабабли аслида бой ва қудратли бўлган мамлакат ўша кезлари ҳалокат ёқасига келиб қолган эди.

 Дастурхонларгина эмас, дарёлар  ҳам қуриб, мамлакатдан қут-барака қочганига кўпчилик гувоҳ. Кимларнингдир иродаси билан халқлар бир-бирларига қарши пичоқ чархлагани ҳам рост…

Ана шундай фожиавий бир шароитда шоирнинг қуйидаги атиги саккиз мисрали шеъри ўзига фавқулодда  катта маънони ортгандек бўлади:

Дейдилар, қайгадир ўт кетса, албат,

Чумчуқ хас таширмиш, қалдирғоч-чи  - сув.

Балки, бу чумчуқнинг шаънига туҳмат,

Ёнғин нималигин балки билмас у…

 

Сен дунё ҳолига назар сол бир пас,

Назар сол кўзлардан оққан ёшларга.

Дунёда кулбалар ёнар ҳар нафас,

У доим муҳтождир қалдирғочларга.

 Ўша кезлари ёнаётган мамлакатга қалдирғоч каби сув элтиб келиб сепувчи, уни нифоқсиз, можароларсиз, тўкин ва фаровон янги замонлар сари етакловчи қаҳрамонлар нақадар зарур эди. Ўзи ҳам ана шундай эзгу ният  билан яшаган куйинчак шоир сифатида юрт ғамини ана шундай дардли мисраларда куйлагани Абдулла Ориповнинг чинакам инсонпарвар, халқпарвар шоир бўлганининг исботидир.

Абдулла Орипов тиғдор ва тагдор шеърлар яратди. Замондоши Эркин Воҳидов ижодида мусиқийлик, шеърий равонлик ва бадиий латофат устуворлик қилгани билан шеърият мухлисларининг меҳр-муҳаббатларини қозонган.

Бу икки шоир бир-бирини такрорламайдиган, ўзига хос адабий ҳодиса  сифатида бир-бирини тўлдирди ва миллий адабиётимизнинг ўзлари яшаган даврдаги қиёфасини мукаммал ифода эта олди. Икки улуғ ижодкор ортидан қанча-қанча истеъдодли шоирлар авлоди етишиб чиққани айни ҳақиқатдир. Улар туфайли бугунги ўзбек шеърияти яна бир поғона юқорига кўтарилди.

Ўзбек диёрида Наврўз таровати кезиб юрган ушбу кунларда ҳаёт бўлганида севимли шоиримиз ўзининг муборак саксон ёшини қаршилаган бўлар эди. У баркамол шоир, донишманд ижодкор сифатида ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Унинг руҳий ташналик, чексиз эҳтиёж ва ажиб бир сеҳр тақозоси бўлган шеърияти бугун ҳам адабиётсевар қалбларни эзгулик нури билан ёритиб келмоқда. Улуғ шоирнинг қуйидаги орзуси бугун ҳам кўнгилларга умид ва ишонч нурларини сочиб турибди:

Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,

Майли, ўтажак у ва ўтар бўлсин.

Азизим, умрингда ҳаво бўлсин соф,

Умринг шамоллари муаттар бўлсин…

Севимли шоиримизнинг халққа, ижодга бағишланган умр шамоллари чиндан ҳам муаттар эди. Унинг теран мазмун ва гўзал бадиий шаклни уйғун этган шеърлари бугун шеърсевар қалбларни муаттар этишда давом қилмоқда.

 

                                                                             Наим КАРИМОВ,

филология фанлари доктори, академик,

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор