Мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, муассаса раҳбарининг жорий йил 6 апрелдаги буйруғи билан тарбиячи Ш.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат акс этган видеода тарбиячи болани уриб, уни ҳақорат қилгани ва тасвирни “Telegram” орқали танишига юборгани кўринган. Кейинчалик улар ўртасида келишмовчилик юзага келиб, видео тарқалиб кетган.
Мурожаат қилган она фарзанди айнан Оҳангарон шаҳридаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотининг кичик гуруҳ тарбияланувчиси эканини билдириб, ушбу воқеадан сўнг боласини боғчага юборишдан қўрқиб қолганини айтган.
Вазирлик барча мактабгача таълим ташкилотлари педагогларини одоб-ахлоқ қоидалари ва касб этикаси нормаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Шунингдек, таълим муассасаларида болаларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш бўйича ишлар давом эттирилиши таъкидланди.