Бу ҳақда News18 телеканали Х ижтимоий тармоғи орқали хабар берди.
Айни пайтда минглаб намойишчилар Бош вазир қароргоҳига бостириб кирган.
Шайх Ҳасинанинг истеъфога чиқиши ҳақидаги маълумотни Рейтер агентлигининг армиядаги манбалари тасдиқлади. News18 хабарига кўра, Бош вазир Ҳиндистоннинг Агартала шаҳрига келди.
Бангладеш армияси бош қўмондони Вакер-Уз-Заман мамлакатда муваққат ҳукумат тузилади, деди.
Бангладешда бир неча ҳафтадан бери ҳукумат ишлари учун квота тизимига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Тўқнашув ва тартибсизликлар оқибатида камида 300 киши ҳалок бўлди.
Ҳукумат Дакка ва бошқа шаҳарларда комендантлик соати жорий қилди ва 5 августдан 7 августгача бўлган кунларни бутун мамлакат бўйлаб дам олиш куни деб эълон қилди.
Намойишчилар Бангладешнинг 1971 йилги Мустақиллик урушида қатнашган фахрийларнинг оила аъзолари учун давлат иш жойларининг 30 фоизигача бўлган квоталар тизимини бекор қилишни талаб қилмоқда. Улар тизимни камситувчи хусусиятга эга ва бу мустақиллик ҳаракатига етакчилик қилган “Авами Лига” партияси, Шайх Ҳасина тарафдорларига фойда келтиради, деб ҳисобламоқда.
2017 йилда Бангладеш ҳукумати талабаларнинг оммавий норозилик намойишларидан сўнг квотани тўхтатиб қўйганди, бироқ жорий йилнинг июнь ойида Олий суд 1971 йилги фахрийлар яқинларининг талабларини қондириб, квотани тиклади. Бу норозиликларнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди. Олий суд мазкур суд қарорини тўхтатиб қўйди ва ҳукмни 7 август куни эълон қилиши керак, деб хабар беради ria.ru.