Президентимизнинг шу йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросидан келиб чиққан ҳолда айни кунда Қоракўл тумани марказидан 20 километр узоқликдаги «Мироб» маҳалла фуқаролар йиғини инфратузилмасини мустаҳкамлаш бўйича қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

— Ҳозирда 2,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда ижтимоий муҳофазага муҳтож 234 та хонадонга 10 сотихдан 25 сотихгача миқдорида экин ери ажратиб берилгани улар рўзғори учун даромад манбаидир, – дейди «Мироб» МФЙ раиси Ўлмас Худойназаров. — Масъул секторлар кўмагида яна 70 та хонадонга 1 сотихдан иссиқхона қуриб берилгани ҳам оилалар тўкинлигини таъминламоқда. Шунингдек, ҳудудимизда «Темир дафтар»га киритилган 3 та ночор ва оғир турмуш шароитида яшаётган оилага ҳомийлик ва бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан уй қуриб берилгани ҳам савобли иш бўлди. Шу йилнинг ўзида «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизлардан 25 нафарига мурожаати, истагига биноан тикув машинаси, пайвандлаш аппарати, экин ерида ишлашга мўлжалланган мотокултиватор ва бошқа минитехнологиялар олиб берилгани ҳам бу оилаларни хурсанд қилди. Улар эндиликда кунлик буюртма асосида ишлаб, ўзини ўзи банд қилиши, албатта, бундан фойда топиши мумкин.

Йил бошидан маҳалла йўлининг 2 километри қайта қурилиб, асфальтлаштирилгани, унга кираверишда номлавҳа битилган мўъжаз арка ўрнатилгани бунда бошланган ишлар дебочаси, албатта. «Мироб» ва унга қўшни бўлган «Осиё» МФЙ ларида ижтимоий соҳа инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш мақсадида жами 9 миллиард 965 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу сармояга 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та умумтаълим мактаби ва қишлоқ врачлик поликлиникаларида мукаммал таъмирлаш ишлари бошланган.

Жумладан, «Мироб» маҳалласидаги 51-сонли умумтаълим мактабида талаб даражасидаги 120 ўринли ўқув корпусини ва 9х18 метр ҳажмдаги спорт залини барпо этиш учун 2 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилган. Қурилиш-бунёдкорлик ишлари «Бухоро темир–бетон комбинати» МЧЖ пудрат ташкилоти томонидан бажарилмоқда, ҳозирда объектда пойдевор тиклаш ишлари якунланмоқда.

Шу кеча-кундузда «Мироб» да 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ эвазига қишлоқ врачлик пункти биноси қайта реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этмоқда. Иншоот қайта қурилишига масъул «Шукуржон она» МЧЖ бунёдкорлари томонидан эса шу кунда мукаммал таъмирлаш ишлари авжида олиб борилмоқда. Албатта, тиббиёт муассасаси яқин кунларда фойдаланишга топширилса, ҳудудда яшаётган 2 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш яхшиланади.

Бундан ташқари, маҳаллий қурилиш-пудрат корхоналаридан бири «Сардор-Цитора бунёдкор қурилиш» МЧЖ бинокорлари «Мироб» МФЙ даги 120 ўринли замонавий болалар боғчаси қурилишини бошлаб юборишган. Қиймати 2 миллиард 160 миллион сўмга молиялаштирилган мазкур 38-сонли Мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилиши билан 90 нафар болажонни ўз бағрига олади. Туманда боғча ёшидаги жажжи ўғил-қиз сони бугун 13,5 минг нафарга етган бўлса, биргина «Мироб» маҳалласида улар сони 230 нафарни ташкил этмоқда. Йил якунига қадар шу маҳаллада яна бир замонавий мактабгача таълим ташкилотини қуриб фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.