Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳарбий округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, бошқа идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўтган йилларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражаси изчил ошириб борилмоқда, мудофаа саноатининг салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилиб, машғулотлар сони ва шиддати 1,5 баробарга оширилди, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассислар тайёрлаш марказлари ташкил этилди.
Армияни рақамлаштириш бўйича бошланган ишлар натижасида ахборот хавфсизлиги, бошқарув ва кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбий таълим тизими тубдан янгиланди, малакали профессор-ўқитувчи ва инструкторлардан иборат Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди.
Таълим жараёнига ўқитишнинг илғор рақамли технологиялари, жумладан, сунъий интеллектга асосланган ва замонавий баҳолаш тизимлари жорий этилгани ҳарбий кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқди.
Йиғилишда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётгани қайд этилди.
– Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлиги таъкидланди. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режими”га ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Олий Бош Қўмондон келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилади.
– Шуни унутмаслик керакки, ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир, – деди Президент.
Муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди.
Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.
Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади.
Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.
Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатини 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.
– Бир сўз билан айтганда, “муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши керак, – деди Президентимиз.
Муҳандислик-техника, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши курашиш соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш энг муҳим масала экани таъкидланди. Шу боис, муҳандислик-техник йўналишдаги ҳарбий-илмий базани мустаҳкамлаш, жойларда ҳарбий технопарклар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг маънавий оламини ҳам мунтазам бойитиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
Бунда китобхонлик муҳим ўрин тутади. Шу боис, жорий йилда барча ҳарбий қисм ва муассасалар жами 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминланади.
Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбийга йўналтирилган мактаб-лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик, Олий Бош Қўмондон танловларида ғолиб ва совриндор бўлган аскарларнинг муддатли ҳарбий хизмати бир ойга қисқартириб берилади.
Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кўпкураш, қўл жанги, оғир атлетика каби спортнинг 10 дан ортиқ анъанавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади.
– Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш – бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак, – деди Президент.
Шу сабабли, қўшинларни сунъий интеллект асосидаги роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этди.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштириш шароитида киберхавфсизликни таъминлаш ва миллий рақамли инфратузилманинг барқарорлигини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, мутасаддиларга шахсга доир маълумотлар ва рақамли тизимлар ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш топширилди.
– Ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлиши зарур, – деди Президентимиз ва бу борада катта янгиликларни эълон қилди.
Хусусан, 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади.
Ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчиларини ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади.
Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.
Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади.
Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгилайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.
Замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди.
Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги таъкидланди.
– Умуман, янги доктрина армияни технологик янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак, - деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида Қуролли Кучларимизнинг жасур аскар ва сержантлари, офицер ва генераллари, фахрийлари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади.
– Сизларнинг жасоратингиз, қасамёдга садоқатингиз, эл-юрт ҳимояси йўлидаги фидойилигингиз билан бутун халқимиз фахрланади. Гўзал юртимизда тинчлик-осойишталик ва ҳамжиҳатлик доимо ҳукм сурсин, жонажон Ватанимиз янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин! – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда мудофаа вазири, ҳарбий округ қўмондонлари ва бошқа масъулларнинг ҳисобот ҳамда таклифлари эшитилди.