Унда сенаторлар, Агентлик раҳбари, баҳолаш комиссияси аъзолари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи механизмлар, шунингдек, жамоатчилик назорати институти ҳаётга самарали жорий этила бошланди.

Жумладан, ўтган даврда бевосита очиқлик соҳасини тартибга солишга қаратилган 3 та қонун, Президентнинг 2 та фармони ва 2 та қарори, Ҳукуматнинг 2 та қарори ҳамда 1 та идоравий ҳужжат қабул қилинди.

Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 35 та ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни давлат органлари расмий веб-сайтлари ва очиқ маълумотлар порталида жойлаштириш амалиёти жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги Фармони билан давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик бўйича амалга ошираётган ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган очиқлик индекси жорий этилгани ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Бу борада сенатор Ф.Боқиев фармон билан давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарларининг очиқликни таъминлаш борасидаги ишлари тўғрисида ҳисоботлари ҳар ярим йилда Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитилиши белгиланганини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, сенатор очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор масалаларга тўхталди. Жумладан, 2022 йил якунлари бўйича «Очиқлик индекси»ни баҳолаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида фикр юритилди. Таъкидланганидек, ушбу жараёнда 86 та вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган. Улардан 21 таси вазирликлар, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 32 таси давлат иштирокдаги ташкилотлар ҳамда 19 таси қўмита ва агентликлардир.

Тадбир сўнггида юқори малакали мутахассис ва экспертлардан иборат таркибда тузилган баҳолаш комиссияси аъзоларининг тегишли қарорига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти Очиқлик индексининг баҳолаш рейтинги эълон қилинди.

Хусусан, баҳолаш рейтинги натижаларига асосан 15 та давлат органи ва ташкилоти «яшил» тоифага, 44 таси «сариқ» тоифага ҳамда 27 таси «қизил тоифа»га ажратилган, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Мазкур масала Сенат қўмитаси мажлисида муҳокама қилиниши режалаштириляпти.