Очиқлик ва шаффофлик – коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга хизмат қилувчи энг самарали воситалардан бири. Шу боис, Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошланган ишлар тобора қатъий ва изчил тус олмоқда.

Натижада сўнгги йилларда бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашишда ижобий ўзгаришлар юз берди. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи янги тартиблар белгиланди, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди. Ўтган қисқа вақт давомида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, “Ишонч телефон”лари ишга туширилгани фикримиз далилидир. Шу тариқа давлатимиз раҳбари фуқаролар билан очиқ мулоқот қилишга тайёр эканини намойиш этди.

Президентимизнинг жорий йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Ўзбекистонда очиқлик сиёсатини янада такомиллаштиришда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича энг илғор, жумладан, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австралия, Германия, Франция, Россия, Сингапур, Қозоғистон, Грузия, Беларусь, Черногория, Нигерия, Доминикан Республикаси, Малайзия ва бошқа хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, соҳага оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар, рейтинг ва индекслардаги омиллардан ҳам фойдаланилди.

Ушбу фармон давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари самарали фаолият юритиши учун шарт-шароит яратиш, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ва коррупция иллатларига барҳам беришга қаратилган.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида “Инсон қадри учун”, деган эзгу тамойил барча саъй-ҳаракатларимиз асосини ташкил этмоқда. Вазирлик ва давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш масаласига устувор аҳамият қаратиляпти. Бу борада “ишонч телефонлари” ҳамда “виртуал қабулхоналар” ёки сайёр қабуллар кўринишида самарали тизим шаклланди. Қолаверса, рақамли ва онлайн технологиялар кенг қўлланилиши давлат органларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини янада оширди. Хусусан, очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz), юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга қўйилган маълумотлари базаси (my.gov.uz) ҳамда бошқа платформалар бюрократияни қисқартириб, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган бошқа маъмурий ислоҳотлар ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда ўз самарасини бермоқда. Масалан, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган харидлар тўғрисида барча маълумотлар d.xarid.uz порталига жойлаштирилиб, самарали жамоатчилик назорати механизми яратилди. Янги ишга туширилган “Очиқ бюджет” портали эса, бюджет маблағлари тасарруф этилишида аҳолининг бевосита иштирок этиш имконини берди.

Президентимизнинг 2021 йил 22 сентябрдаги қарорига мувофиқ, бюджет маблағлари, шу жумладан, маҳаллий бюджет маблағларидан ортиб бажарилган қисмини маҳаллий аҳоли, кенг жамоатчилик назорати остида сарфлашнинг самарали тизими жорий этилди ва “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ишга туширилди. Маълумот ўрнида: “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил биринчи мавсумида фуқаролардан жами 70 мингга яқин ташаббус келиб тушган бўлиб, уларнинг 2215 таси ғолиб бўлди. Ушбу лойиҳаларга овоз бериш жараёнларида эса, 6,7 миллиондан кўпроқ аҳоли иштирок этди. Ғолиб топилган ташаббусларнинг 34 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш лойиҳалари ҳиссасига тўғри келади.

Давлат объектлари, кўчмас мулклар, ер участкалари, автотранспорт воситалари, авторақамлар, ташқи реклама объектларини қуриш ва ўрнатиш ҳуқуқи, авторадарлар ўрнатиш жойлари кабиларни “E-аукцион” очиқ электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тизими йўлга қўйилди. Қонун лойиҳалари, Президент, ҳукумат, вазирлик ва идоралар даражасида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказиш тизими яратилди, бунинг учун regulation.gov.uz портали ишга туширилди. Бу, ўз навбатида, қабул қилиниши режалаштирилган муҳим қарорлар шаффофлигига, фуқаролар олдида ҳисобдорлик тамойили амалда ишлашига хизмат қилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини жамоатчиликка етказиб берувчи асосий тузилма — ахборот хизматлари фаолияти такомиллаштирилгани ҳам соҳада эришилган асосий ютуқлардан бири. Яъни, барча давлат ташкилотларида ахборот хизмати учун алоҳида штат бирликлари ажратилиб, матбуот котиблари мақоми раҳбарнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси даражасига кўтарилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг доираси учун статистик маълумотлар максимал даражада очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлга қўйилди. Унга кўра, Очиқ маълумотлар порталига умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар, жумладан, амалга оширилган давлат харидлари, патентлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатга олиш, жамоат транспорти ҳаракати, ер ресурсларидан фойдаланиш ва шу каби бошқа маълумотлар жойлаштириб борилмоқда. Бу каби тизимли ва изчил ислоҳотлар натижасида асосий индикаторлардан бири очиқликни таъминлаш бўлган қатор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон позицияси сезиларли даражада яхшиланишига эришилди.

Мисол учун, 2020 йил якунларига кўра, Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, “Open data Inception” маълумотига кўра, Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари орасида очиқ маълумотлар манбалари сони мавжудлиги бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади. Ёки “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2021 йил учун янгиланган “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Албатта, бугунги кунга келиб бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асослари такомиллашиши баробарида, амалий тадбирлар қамрови ҳам кенгайиб бораётир. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқ маълумотлар рўйхатини кенгайтириб бориш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат хизматчиларида халқ олдида ҳисобдорлик маданиятини сингдириш каби муҳим вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштириб борилиши устидан доимий мониторинг ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

Масалан, жорий йилнинг январь-февраль ойида агентлик томонидан 135 та вазирлик ва идора, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз фаолиятига оид ҳисоботларни, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни ёки хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари каби қатор ҳисоботларни ўз расмий веб-сайти ва Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириши ҳолати ўрганилди.

Ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар натижалари бўйича аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдимнома ва огоҳлантириш хатлари киритилди. Эндиликда бу борадаги ишларни доимий, ушбу йўналишда фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари мутахассисларини жалб этган ҳолда семинарлар ташкил этишни тизимли йўлга қўйиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 14 июндаги фармони бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди. Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 августдан бошлаб ҳар йил якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси шакллантирилади ва “eanticor.uz” электрон платформаси ва оммавий ахборот воситалари орқали очиқ эълон қилиб борилади. Бу у ёки бу давлат органи ва ташкилотининг очиқлик даражасини жамоатчилик учун яққол кўрсатиш имконини бериши билан алоҳида аҳамиятли.

Шу мақсадда агентлик ҳузурида давлат органлари ва ташкилотлари очиқлик ҳамда шаффофлик борасида амалга оширган ишларининг мониторинг ва баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ва якуний рейтингни шакллантириш учун баҳолаш комиссияси тузилади. Унинг таркибида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитасининг малакали мутахассис ва экспертлари бўлади.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси қуйидаги 8 та индикатор асосида баҳолаб борилади:

— давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолияти самарадорлиги;

— давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;

— ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизими йўлга қўйилиши;

— бюджет жараёни очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;

— Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;

— оммавий коммуникация технологиялариг жорий қилиниши;

— коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;

— жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлиги;

Очиқлик даражаси “0” баллдан “100” баллгача рейтингда баҳоланиб, 71 баллдан 100 баллгача — “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача — “сариқ” , 55 баллдан паст — “қизил тоифага ажратилади.

Агентлик хулосаси асосида очиқлик даражаси энг юқори, деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча, салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи ҳал этилади.

Айтиш жоизки, Президент фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча ҳуқуқлар берилиб, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги фаолияти янада кенгайтирилди. Жумладан, агентлик бундан буён давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига очиқлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш эълон қилиб боради. Очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар бузилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритади. Расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида эълон қилинган очиқ маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳақида сўровнома юбориш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармонда белгиланган мақсад-вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат бошқарувини амалга оширишда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, давлат органининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларининг ижро этилишини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаб боришнинг комплекс таҳлилига асосланган тизим яратилишига асос бўлади.

Шунингдек, аҳоли билан бевосита мулоқот қилишнинг масофавий шакллари, шу жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиш даражаси ортади, расмий веб-сайт орқали кўрсатилиши мажбурий бўлган электрон давлат хизматларини ҳозирги замон талаблари даражасида сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга зарур шарт-шароит яратилади.

Қолаверса, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация тармоқларининг янгича тизимини яратишга, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик механизмларининг комплекс ёндашувга асосланган тизимини жорий этишга, жамоатчилик кенгашларининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти, шу жумладан, қарор қабул қилиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштирокини оширишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

Ишонч билан айта оламизки, бу каби муҳим чора-тадбирлар, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижи ижобий томонга ўзгариши ва бир қатор халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланишида ҳам ўз самарасини беради.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик сиёсати бундан буён асло ортга қайтмайди, аксинча, очиқ ҳукумат, кучайтирилган ошкоралик, фуқаролар ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик янада такомиллашади, янги босқичда ривож топади. Зеро, очиқлик ва ошкоралик – давр тақозосигина эмас, янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби ва пойдевори ҳамдир.

Акмал БУРХОНОВ,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори