Рейтингга кўра, жами 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти баҳоланди. Баҳолаш 84 та мезонни ўз ичига олган 8 та индикатор асосида амалга оширилди.
Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи «яшил», 22 таси «сариқ» ва 9 таси «қизил» тоифага киритилди. 2022 йилдаги илк натижалар билан солиштирилганда, «яшил» тоифадаги ташкилотлар сони 3,5 баробарга ошган. Шу билан бирга, «сариқ» тоифадагилар 2 баробарга, «қизил» тоифадагилар эса 3 баробарга камайган.
Вазирликлар кесимида энг юқори кўрсаткични Рақамли технологиялар вазирлиги қайд этди — 92,6 балл. Кейинги ўринларда Адлия вазирлиги (91,7), Сув хўжалиги вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги (89,0 баллдан) жойлашди. Шунингдек, юқори кўрсаткичлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (88,4), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (87,2), Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги (86,6) томонидан қайд этилди. Рейтингнинг ўрта қисмида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (82,6), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (82,1), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (79,2) ҳамда Энергетика вазирлиги (76,2) ўрин олган. Қуйироқ кўрсаткичлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (73,9), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (69,2), Транспорт вазирлиги (67,9) ва Маданият вазирлиги (64,7) ҳиссасига тўғри келди. Энг паст натижалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (58,5), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (57,1) ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги (56,0) томонидан қайд этилди.
Маълум қилинишича, мазкур рейтинг давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган “Очиқлик индекси” баҳолаш тизими доирасида шакллантирилган.
Жорий йилда 9 та банк фаолияти баҳоланди ва улардан 8 таси «яшил» тоифадан жой олди. Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Turonbank”, “Biznesni rivojlantirish banki” ва “O‘zsanoatqurilish” АТБларга тўғри келди. “Aloqabank” эса «қизил» тоифадан ўрин олди.
Шунингдек, 8 та қўмита фаолияти «яшил» деб баҳоланди. Энг юқори натижалар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Солиқ қўмитаси ҳамда Божхона қўмитаси ҳиссасига тўғри келди. Автомобиль йўллари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси «сариқ» тоифада қайд этилди.
2025 йил якунлари бўйича акциядорлик жамиятлари кесимида жами 20 та ташкилот баҳоланиб, 13 таси «яшил», 5 таси «сариқ» ва 2 таси «қизил» тоифага киритилди. «Яшил» тоифада энг юқори кўрсаткичлар “O‘zbekgidroenergo”, Навоий кон-металлургия комбинати ва “O‘zavtosanoat” ҳиссасига тўғри келди. “Uzbekistan Airports”, “Hududiy elektr tarmoqlari”, “O‘zbekiston milliy elektr tarmoqlari”, “Uztransgaz” ва “O‘zbekko‘mir” «сариқ» тоифадан жой олди. “Toshshahartransxizmat” ҳамда “O‘zbekiston temir yo‘llari” эса «қизил» тоифада қайд этилди.