Юқори даражада ўтказилган мазкур халқаро тадбирда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг барча аъзо давлатлари вакиллари иштирок этди. Тадбирнинг очилиш маросимида ЕХҲТнинг Бош котиби Ҳ.Шмид, Шимолий Македония Ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг раиси Б. Османи, Буюк Британия собиқ Бош вазири, ҳозирда ушбу давлатнинг парламенти аъзоси Т.Мей, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси Р.Алимов ва БМТ Бош котибининг махсус вакили П.Паттен мавзуга оид маърузаларини тақдим этди.
Олий Мажлис Сенати қўмитаси Раиси Р.Алимов ўз сўзида, охирги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда, хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда одам савдоси долзарб аҳамият касб этиб, ушбу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият томонидан тизимли ҳаракатлар олиб бориляпти.
Хусусан, Ўзбекистон бугун мазкур иллатга қарши курашишда соҳада институционал, ташкилий- ҳуқуқий ва халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш йўналишида тизимли ишларни амалга оширяпти ва аниқ натижаларга эришяпти. Бу борада 2019-йилда ташкил этилган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг таъсис этилгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиянинг самарали фаолияти туфайли ушбу йўналишда қатор ижобий натижаларга эришилганлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан кейинги йилларда Ўзбекистонда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар юксак эътироф этилди.
Одам савдосига қарши курашиш, соҳага халқаро стандартларни жорий этишда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан одам савдосига қарши курашишда минтақавий ва халқаро ҳаракатларни такомиллаштириш юзасидан янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарурати таъкидланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.