Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов 90 йиллигига бағишланган “Одамлар, авайланг бир-бирингизни” деб номланган адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Шоир, драматург, публицист, журналист, давлат ва жамоат арбоби Жуманиёз Жабборов Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Пўлоти қишлоғида 1930 йилда дунёга келган. Мактабни тугатиб, Тошкент Давлат университетида таҳсил кўрган. 1952-1953 йилларда Москвадаги Адабиёт олий курсида ўқиган. “Шарқ юлдузи” журналида (1953-1962) бўлим бошлиғи, масъул котиб бўлган, 1962-1964 йилларда “Гулхан” журналида муҳаррир, 1964-1976 “Совет Ўзбекистони” (“Ўзбекистон овози”) газетасида бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлаган. 1976-1981 йиллар мобайнида марказий қўмитасида шўъба мудири, 1981-1985 Ғафур Ғулом нашриётида директор, 1985-1990 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таржима ишлари бўлими маслаҳатчиси, 1990 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотлар қўмитаси бўйича масъул котиб бўлган.
Жуманиёз Жабборовнинг адабий фаолияти 50-йиллардан бошланган. Йигирмадан ортиқ шеърий, насрий тўпламлар, ўнлаб достонлар ва драмалар яратган. Унинг “Ўжарлар” (1971), “Йиллар ўтиб” (1975), “Тўйдан олдин томоша” (1979), “Менинг оппоқ кабутарим” драмалари Тошкентда, қатор вилоят театрларида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон саҳналарида қўйилиб келади.
Жуманиёз Жабборов моҳир ва сермаҳсул таржимон сифатида Лермонтов, Байрон ва Фирдавсийлар асарларини ўз она тилида сўзлатган.
Жуманиёз Жабборовнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган меҳнати давлат томонидан муносиб баҳоланган. Адиб “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвонларига сазовор бўлган, бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.
– Жуманиёз Жабборов – серқирра ижодкор шахс, – дейди “Мурувват” ижодий волонтерлик гуруҳи раҳбари Ильмира Зайнутдинова. – Шоир, публицист, таржимон, драматург, давлат ва жамоат арбоби сифатида кенг китобхонлар оммасига яхши таниш. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси жамоаси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган тадбир адибнинг мухлислари учун катта байрамга айланиб кетди.
Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов ва бошқаларнинг чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Айниқса, Жуманиёз Жабборов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Инсонни улуғлаш мақсадим” номли ҳужжатли фильм намойишидан мухлислар ўзларига кўплаб қизиқарли маълумотлар олишди.
Адабий-бадиий кечада адиб ижодидан намуналар ўқилиб, унинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар тингланди, саҳна асарларидан парчалар кўрсатилди.
Нодир Маҳмудов,
"Янги Ўзбекистон" мухбири