Юртимиз табиати доривор ўсимликларга бой. Уларнинг аксарияти ҳақида бобомиз Абу Али Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида ёзиб қолдирган. Аммо бугунги даврда танамиз ва руҳиятимиз учун фойдали бўлган кўплаб гиёҳлардан турмуш шароитимизда деярли фойдаланмаймиз.

Ўзбекистонда доривор ўсимликларнинг 700 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, шулардан табиий шароитда ўсадиган ва маданийлаштирилган 120 га яқин ўсимлик турларигина илмий ва халқ табобатида қўлланилади. Жаҳон амалиётида ҳам бу борадаги натижалар юқори эмас. Ер юзида аниқланган 10-12 мингдан ортиқ турдаги доривор гиёҳлардан мингдан зиёдининг кимёвий, фармакологик ва ис хоссалари текширилган холос. Ваҳоланки, дунё бўйича фармацевтика саноатида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг 50 фоиздан ортиғи доривор ўсимликлар хомашёсидан тайёрланмоқда.

Бу борадаги кўрсаткич юртимизда ҳам фармацевтика саноатининг ривожланиши билан бир қаторда йил сайин ўсиб бормоқда. Ана шу талаб асосида сўнгги йилларда мамлакатимизда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича изчил ишлар амалга ошириляпти. 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан соҳада янада аниқ вазифалар белгиланди.

Фармацевтика йўналишида катта тажрибага эга доришунос Анвар Ибрагимов неча йилдирки, турли шифобахш гиёҳларни ўрганиб, юртимиз шароитига мослаштиради. Уларни 20 сотихли томорқасида етиштиради, уруғ ва кўчатларини тайёрлайди, ўсимликларни қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолда дорихона пештахталарига чиқаради. Очиғи, битта ўсимликни ўрганиб, сўнг уни тайёр ҳолда қадоқлаб, пештахтага қўйиш осон иш эмас. Бунинг учун билим, тажриба ва иштиёқ зарур.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилиб ўсган Анвар Ибрагимов қарийб 60 йилдан буён шу соҳанинг ичида юрган одам. 1968 йилда Фармацевтика институтини тамомлагач, турли йилларда қатор лавозимларда меҳнат қилди. Фаолиятини дорихонада бошлаб, то вилоят, сўнг Республика дорихоналар бошқармаси бошлиғи, Ўзфармсаноат концерни раиси ўринбосари даражасигача кўтарилди. Ҳозирда Зангиота туманида ўзи асос солган “Иброҳим Раҳмат” хусусий корхонасида фаолият юритиб келмоқда.

Меҳнаткаш, илмли инсон ҳар қайси ёшда ҳам изланишдан тўхтамайди. Анвар аканинг ибратли ҳаёт йўли бунинг ёрқин мисоли. Мутахассиснинг ёшга доир нафақага чиқиши унинг янги фаолиятига замин яратди. Ўтган йиллар давомида дорихона тармоқлари, ишлаб чиқариш бўйича тажриба орттирган мутахассис дорихона тизимини йўлга қўйди. Шу билан бир вақтда, ҳозирги замон илмий ва халқ табобатида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор шифобахш гиёҳларни корхонаси ҳамда ўз томорқасида экиб ўстира бошлади. Улар орасида турли давлатларда пайдо бўлиб, кўпайган стевия, топинамбур, годжи, розмарин, лаванда, ҳозирда йўқолиб бораётган ва муҳофазага муҳтож бўлган йўнғичка, қончўп, олаўт, гулхайри, темиртикан, заъфарон, маржумак ва бошқа ўсимликлар бор. Қаҳрамонимиз фармацевтика институти мутахассислари ва олимлар билан ҳамкорликда ўсимликларнинг агротехникаси, ҳосилдорлиги ва бошқа жиҳатларини ўрганиб, шу асосида уруғ, кўчат ҳам тайёрлайди.

Кўринишидан камтарин, соҳада узоқ йиллик тажрибага эга доришунос фармацевтика ривожини доим таҳлил қилиб, хориж давлатлари амалиётини ўрганишдан чарчамайди. Тажрибалари асосида янгиликлар яратиб, ҳаётга тадбиқ этиб келмоқда.

Анвар ака шу кунга қадар 6-7 хил ўсимликни юртимиз шароитига мослаштиришга эришди. Улардан бири — ҳозир жаҳон амалиётида кўп ишлатилаётган стевия ўсимлигидир. Асосан Бразилия, Парагвай давлатларида ўсадиган бу гиёҳнинг барглари шакарга нисабатан 30 баробар ширин. Аммо шакарга ўхшаб қонга ўтмайди, калория бермайди. Шу боис, қанд касаллиги, ортиқча вазндан азият чекаётган инсонларга тавсия этилади. Ушбу ўсимликдан кўчат ва уруғ тайёрлаш ўрганилган. Мутахассис республикада биринчилардан бўлиб Тибет ўлкасининг годжи ўсимлигини ҳам томорқасида экиб ўстириб, юртимиз шароитига мослаштирган. Қарийб 15 йилдан бери ўстириб келаётган сумах дарахти баргидан эса Республика биоорганика илмий текшириш институти томонидан “Рутан” таблеткаси ишлаб чиқарилиб, унинг вирусли касалликларга таъсири ўрганилмоқда.

Томорқадаги ўсимликлар орасига 2 йилдан буён олаўт ҳам қўшилган. Жигар учун ниҳоятда фойдали бўлган бу ўсимлик хориждан олиб келинадиган жуда қиммат дори воситаларининг ўрнини босади. Кўп йиллик розмарин ўсимлиги эса қувватни оширади, эслаш қобилиятини тиклайди, микробларни ўлдиради. Хуллас, бу мўжазгина майдон ўсимликлар боғининг ўзгинаси. Яна оддий, манзарали эмас, балки саломатлик учун фойдали гиёҳлар боғи.

Доришуноснинг томорқасига яқинлашган киши доривор ўсимликларнинг исига маст бўлиб, Анвар аканинг тили билан айтганда, улардан тайёрланган фойдали “кофе”дан таътиб кўришни истаб қолади. Гиёҳларнинг шифобахш хусусиятларини билган инсон эса, уларнинг қайнатма ёки дамламасини доимий ичимликлари қаторига қўшиши турган гап.

— Одамлар дори воситаларини эмас, шифобахш гиёҳларни ичишни кўпайтириши керак, — дейди Анвар Ибрагимов. — Боиси, улар ҳам табиий, ҳам арзон, ҳам юқори самарага эга, асосийси, ножўя таъсирлардан ҳоли. Юртимизда сўнгги йилларда халқ табобати йўналиши кенгайтирилаётгани сабаби ҳам шунда. Масалан, тоғ райҳони асосида тайёрланган таблеткага нисбатан, тоғ райҳони қўшилган қайнатма ёки дамлама организмга яхшироқ таъсир қилади. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида ош райҳон бош мия тиқинларини очади, деб ёзилган. Аслини олганда, райҳон деярли ҳамма ҳовлида экилади, лекин уни чой қилиб ичмаймиз. Бунинг учун доривор ўсимликлар, уларнинг фойдали жиҳатлари ҳақида билишимиз керак. Нима билан овқатланяпмиз, нима учун еяпмиз, нима манфаат кўрамиз, деган саволларга жавобимиз бўлиши лозим. Саломатликнинг асосий қисми тўғри таомланишга боғлиқ. Бу катта илм, уни болага боғча, мактаб ёшиданоқ чуқур ўргатиб бориш зарур.

Анвар ака томорқасида ўстириб, қуритиб, кукун ҳолида сотувга чиқарилган топинамбур ўсимлиги ҳақида алоҳида тўхталди. Халқимиз кўпроқ қанд касалига даво сифатида ишлатадиган бу гиёҳ таркибида организмнинг умумий иш фаолияти учун муҳим бўлган кремний элементи кўп миқдорда борлигини таъкидлади. Мутахассис 15 йилдан буён топинамбур ўстиради. Ундан тайёрланган кукун ҳолатидаги дори воситасини рўйхатдан ўтказиб, амалиётга киритган. Доришунос мутахассиснинг айтишича, барча аъзоларнинг бир меъёрда ишлаши ритмини кремний бошқарар экан. Унинг организмда етишмаслиги органларнинг ритмик ҳаракатида пала-партишликни келтириб чиқаради. Натижада турли касалликлар бир-бирини етаклаб келаверади. Топинамбур, қирқбўғим, оққандирмоқ каби ўсимликлар дамламаларинини мунтазам ичиб туриш эса организмнинг кремнийга бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади.

Битта ўсимликдан 200 килограмгача асал олиш мумкин

Юртимиз шароитида юқоридаги каби доривор ўсимликларнинг кўпи ўрмон хўжалиги ерларида етиштирилади. Шу боис, 2020 йил 6 октябрда “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унда белгиланган даврга қадар ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга, доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмини йилига 11,6 минг тоннага, асалари оилалари сонини эса 300 мингтага етказиш белгиланди. Ушбу Консепцияда асалари оилалари сонини ҳозирги ҳолатга нисбатан 13,2 баробар кўпайтириш вазифаси қўйилгани Анвар аканинг эътиборини тортди. Қисқа вақтда корхонада дорихона фаолияти билан бирга, асаларичиликни ҳам йўлга қўйди. Ҳозирги кунда 60 та яшикда асалари оилаларини боқиш билан параллел тарзда уларга озуқа бўладиган ўсимликларни ўрганиш ишларини олиб боряпти. Бу борада айниқса, суғоришни талаб қилмайдиган, эрта баҳорда лалми ерларга экиладиган ўт ва дарахтларга эътибор қаратилмоқда.

— Асалари оилаларини кўпайтириш бир масала бўлса, уларни боқиш иккинчи масала, — дейди доришунос. — Бунинг учун юртимизда етарли озуқа базасини яратиш керак. Одатда асаларичиларимиз пахта далалари, ўрмон хўжаликлари, умуман, табиатдан фойдаланиб асал йиғиштириб олади. Аммо дунёда ўнлаб, юзлаб асал берадиган ўсимликлар мавжуд. Уларни таҳлил қилганимда, кўпчилигини ҳудудимиз иқлим шароитига мослаштириш мумкинлигини кўрдим. Жойларда бу ўсимликларни ўстириб, кўпайтириш керак. Шу мақсадда, айрим турдаги ана шундай ўсимлик ва дарахтларни ўстиришни йўлга қўйдим. Масалан, Жанубий Корея, Хитой давлатининг айрим вилоятларида экиладиган эводия, деган кўп йиллик дарахт бўларкан. Бўйи 15 метргача боради. Дарахт шу қадар кўп гул берадики, ширага бой бу гуллар атрофидан асалари аримайди. Битта дарахтдан 60 килограмдан 90 килограмгача асал олиш мумкин. Ўтган йилдан бошлаб шу дарахт уруғидан кўчат тайёрлаяпмиз. 3-5 йилда дарахт гули ширага киради.

Фацелия ўсимлиги ҳам асалариларнинг энг севимли озуқа манбаларидан бири экан. Ушбу тур Анвар аканинг томорқаларига 2 йилдан буён уруғ ҳолида экиляпти. Айтишларича, уруғи 70 кунда пишадиган бу ўсимлик асосан Шимолий Америкада ўсади. Бир ой давомида гуллаб туради. Ўсимлик 1 гектар жойга экилса, ундан 200 килограмм асал олиш мумкин. Уруғидан ёғ ҳам олинади. Бизнинг шароитимизда ўсимликдан 2-3 марта ҳосил олса бўлади. Иқлимизга мос келадиган ўсимликлардан бири. Анвар ака бу йил ғалладан бўшаган 10 сотих ер майдонига фацелия уруғларини қадади. Айни пайтда ўсимлик гулга кирган. У ушбу ўсимликларни янада ўрганиб, сўнг соҳа мутахассисларини бу билан таништириш устида ишлар олиб боряпти. Келгусида бу ўсимликларни катта ҳудудларга экиш, асалари оилаларини кўпайтиришда зарур озуқа базасини яратишда ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида таклифлар ишлаб чиқмоқда.

Қошиқчали шифобахш чойлар — Ўзбекистонда янгилик

Умри давомида амалиётда тобланиб келаётган Анвар акани бошқа давлатларда ҳам малакали мутахассис сифатида билишади. Ўз вақтида бир нечта юртларда бўлиб, тажриба оширди. Фаолияти тақазоси билан 5-6 мингта ассортиментдаги дори воситаларини билиш, барчасининг ҳисоб-китобини қилиш осон бўлмаган. Бунинг сири доим ўз касбига бўлган фидойилик ва масъулият билан ёндошишда. Олий тоифали доришунос, Соғлиқни сақлаш аълочиси Анвар Ибрагимов 2 ўғил, 2 қизини ҳам шу соҳада ўқитди. Ҳозир улар оталари билан елкама-елка ишлаб, изланишда, янгилик яратишда давом этмоқда.

Доривор ўсимликлар асосида шифобахш чойлар ишлаб чиқариш оиланинг янги ташаббусларидан бири. “Ўзбегим чойи” номи остида яратилган маҳсулот шу турдаги бошқа брендлардан фарқ қилади. Аввало, чой қадоғига миллийлик сингдирилган. Қолаверса, майдаланган доривор ўсимликлар махсус пластмас қошиқчаларга жойланган. Чой қутиси қадоғига “шифобахш ўсимликлар асосида махсус қошиқчаларда дамлама учун”, деб ёзилган. Бир қути ичига 12 та қошиқча киритиляпти. Барининг ичида истеъмолчи танлаган гиёҳ кукини бўлади. Қадоқ очилгач, қошиқчалардан бири олинади ва стаканга солиниб, устидан қайноқ сув қуйилади. Қарабсизки, дамлама тайёр.

Бундан ташқари, ичига 20 та пакетчали гиёҳли чой солинган қутилар ҳам тайёрланган. Яна бир янгилик томони, каттароқ ҳажмдаги чой қутиси ҳам ишланиб, унинг ичига қошиқчали чойлардан ташқари, иккита бандли стаканлар киритилган. Айни пайтда ушбу стаканларнинг кўринишига миллий руҳ бериш ишлари олиб борилмоқда. Унинг хомашёсини сополдан тайёрланиб, устки қисмида чой ичиб ўтирган нуроний кексаларимиз тасвири акс эттирилади.

— Биз табиатан чойхўр халқмиз, иқлим шароитимиз ҳам шуни тақазо этади, — дейди Анвар ака. — Агар ҳар куни ичаётган чойимиз одатдагидек кўк ёки қора эмас, балки гиёҳли бўлса, организмга кўп карра фойдали. Аслини олганда, чой деганда табобатда бирор маъдан ёки доривор ўсимликларни қайноқ сув билан дамлаб ичиш тушунилади. Гиёҳли чойлар турли касалликларни даволаш, олдини олишда муҳим саналади. Ҳар ким доривор ўсимликларни чой кўринишида ўзининг ёши, уни қийнаётган хасталиклар, ҳатто, касбига қараб танлаб истеъмол қилиши лозим. Гиёҳли чойнинг хусусиятлари, қўллаш меъёрлари ҳақида қўлланма орқали албатта, танишиб чиқиш зарур. Шундагина унинг фойдаси кўпроқ бўлади.

Айни пайтда ушбу янгиликни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Барча ташкилий жараёнлар ниҳоясига етгач, шифобахш чойлар 20 га яқин хилда ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилади. Юртимиздаги сайёҳлик масканлари, меҳмон уйларига тарқатиш ҳам режалаштирилган. Бунда қути ичидаги қўлланма ва қадоқ устидаги ёзувларнинг уч — ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзилгани қўл келади. Чой истеъмоли борасида кўплаб давлатларни ортда қолдирадиган ўзбек халқининг миллий чой маҳсулотларига хорижликларда қизиқиш бўлиши шубҳасиз. Яна улар шифобахш гиёҳлардан тайёрланган бўлса, талаб янада ортади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири