Шаҳарнинг қоқ марказидаги мактаб. Илк борган кунимданоқ мактабдаги баъзи жиҳатлар мени ҳайрон қолдирган. Албатта ҳаммаси яхши томонга. Ҳали ҳар бири ҳақида батафсил тўхталаман.

Шу мактабда ижодий тўгарак ташкил қилдик. Ёзги таътил, карантин сабаб кўп дарсларимиз онлайн бўлди. Мактабга борган вақтларим ҳам менга ажратилган хонада ўқувчилар кутиб қолишади. Одатда жуда кўп кечикиб бораман ва яна шошиб асосий ишимга қайтаман.

Ўтган куни тўгарак вақтидан анча олдин борибман. Мактаб эшигидан киришда катта зал бор. Ўша ерда навбатчи ўқитувчи билан суҳбатлашиб ўтирдим. Қарасам, шу залга газета учун пештахта қилинган экан. Ҳар йили жуда кўп газеталарга обуна бўлишаркан. Ва эшикдан киришда ҳар бир газетанинг янги сонлари қўйиб қўйиларкан. Кимдир олиб ўқиса, яна қайтиб жойига қўйиб кетаркан. Ҳатто бу жараён билан шуғулланиш учун алоҳида кутубхоначи ходими бириктирилган экан. Газетанинг эски сонлари тахлам қилиб йиғилар, сўнгги бир ҳафталик газеталар ўқитувчи ва ўқувчилар орасида айланиб юраркан.

«Одамлар газета ўқимай қўйди», «Газета кимга керак» деб юрганлар кўп. Одамлар газета ўқиётганига ўзим гувоҳ бўлдим. Шартта расмга олиб олдим.

 Шу ҳолат мени роса қувонтирди.

Кумуш ЎСАРОВА,

шоира