Кеча хабар берганимиздек, 25 август куни Қаршининг “Насаф” клуби 1/8 финал ўйинини Туркманистоннинг “Аҳал” клубига қарши ўтказади. “Насаф” бу ўйинда ғалаба қозонса Марказий Осиё минтақаси ғолиби сифатида тўғридан-тўғри ярим финалга йўл олади.  Чунки Жануб (Мальдив, Ҳиндистон, Бангладеш) ва АSEAN (Вьетнам, Таиланд, Камбожа, Филиппин) жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичи ўйинлари мезбон ҳудуд топилмагани ҳамда коронавируснинг авж олиши туфайли ўтказилмаганди. Шу боис чорак финал бўлмайди.

“Насаф” “Аҳал”ни енгса, бугун ташланган қуръага кўра, Жануб чемпиони – Мальдив, Ҳиндистон, Бангладеш клубларидан бири билан ўйнайди. Бир ўйиндан иборат баҳс ҳам Қаршида ўтади. Бу жамоа ҳам мағлуб этилса, қашқадарёлик футболчилар октябрь ойида Ҳонконг чемпионига қарши майдонга тушади. Финал баҳси эса Ғарбий зона вакили майдонида бўлиб ўтади.