ОФК президентига ташкилот Бош котиби Датук Сери Виндсор Жон ва унинг ўринбосари Вохид Кардани, шунингдек, бир нечта масъул вакиллар ҳамроҳлик қилмоқда.

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, делегация аъзолари МОҚқа ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мавзусида учрашув ўтказилди. Йиғилишда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳам иштирок этди. Суҳбатда Адхам Икрамов ОФК раҳбарини мамлакатимизда футбол оммавийлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.

– Сиз каби фахрий меҳмонларни қабул қилиш биз учун шараф. Мамлакатимиз ва ОФК ўртасидаги дўстона алоқалар йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Сир эмаски, футбол ёшларимиз орасидаги энг севимли спорт турларидан. Спортни ривожлантириш вазирлиги, МОҚ ва ЎФА юртимизда футболни янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш бўйича ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Ҳозир ассоциациямизда кучли жамоа шаклланди. Улар футбол оммавийлигини маҳаллалардан бошлаб татбиқ қилмоқда. Бу селекция ишларига ҳам ёрдам беради. Мамлакатимизда футболни ривожлантиришга шахсан Президентимизнинг ўзлари эътибор қаратмоқдалар,  деди спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов.

Ўз навбатида, ОФК президенти ҳам бу борада олиб борилаётган ўзгаришлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини таъкидлади.

– Мен ва жамоамни илиқ кутиб олганингиз учун ташаккур билдирамиз. Ўзбекистонга қилган сўнгги ташрифим ва ҳозирги ҳолатни солиштирсак, давлатингизда ҳар томонлама катта ўсишни кўриш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, ЎФАда кучли жамоа тузилиб, самарали фаолият олиб бормоқда. ОФК Ўзбекистонга шунчаки аъзоси эмас, ўзининг энг яқин ҳамкорларидан бири сифатида қарайди. Мамлакатингизда футболни янада ривожлантириш йўлида мана шундай ишлашда давом этсак, кўп натижаларга эришамиз. Бунинг учун Ўзбекистонда яхши инфратузилма мавжуд,  деди Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа.

Суҳбат давомида Тошкентда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш, мамлакатимизда мураббийлик, ҳакамлик соҳаларида малакали кадрларни тайёрлаш, футбол оммавийлигини ошириш мавзуларида ўзаро фикр алмашилди.