Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, бироз аввал қизлар ўртасидаги - 71 килограмм вазн тоифасида А гуруҳи баҳслари якунланди. Унда терма жамоамиз аъзоларидан Дилноза Файзуллаева ва Гулшодахон Дадамирзаева иштирок этди.

Даст кўтариш машқида Дилноза Файзуллаева ўзининг барча уринишларидан унумли фойдаланди (76, 80 , 82 ) ва натижада кумуш медалга эга чиқди.

Силтаб кўтариш машқида эса Гулшодахон Дадамирзаевага омад кулиб боқди, у 97 килограмм вазнни ўзига бўйсундириб, кумуш медални қўлга киритди. Файзуллаева силтаб кўтариш машқида совринли ўринлардан қуруқ қолди.

Шунга қарамай иккикураш натижасига кўра, Дилноза Файзуллаева бронза медали соҳибасига айланди. Натижада Дилноза Файзуллаева 1 та кумуш ва 1 та бронза ҳамда Гулшодахон Дадамирзаева 1 та кумуш медални мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобига қўшиб қўйди.

Маълумот учун: оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати 25 июлга қадар давом этади.