Нуфузли бир хусусий корхонада ҳисобчи вазифасида ишлаб юрган Ш. Холиқовнинг нафси “ҳаракат”га тушди. Яшаш тарзи, ойлик маоши, оилавий шароити яхшилигига қарамай, ўғирликка қўл урди.

Ўзи ҳисобчи сифатида фаолият олиб бораётган шаҳардаги “Нур-Бегим” НТМ ўқув марказига ғализ мақсад билан келган Ш. Холиқов, бинонинг ертўласида жойлашган, компьютер дарслари ўтиладиган махсус хонага аввалдан кўзлаб юргани, компьютер жиҳозларини ўғирлаб кетиш учун ғайриқонуний равишда киради.

Муассаса раҳбари Н.Яҳёевага тегишли бўлган нархи 4 100 000 сўмлик 3 дона компьютер жамланмалари монитори, уларнинг 4 та оператив хотираси ҳамда шу ерда ўқитувчи бўлган Н. Холиқовга тегишли “Samsung” русумли ноутбукни яширин тарзда олиб чиқиб кетади.

Ш. Холиқов шу билан чегараланмади. У ўз кирдикорларини давом эттириб, ўша куннинг ўзида тушдан сўнг шаҳардаги “City-education” номи остида фаолият юритаётган ўқув марказига келади. Аввалдан билгани компьютер технологиялари хонасига ғайриқонуний равишда кириб, у ердан 3 350 000 сўмлик “Lenovo” русумли ноутбукни ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Компьютерларни қўлга киритган ва айни вақтда ғоят қалтис ишга қўл урганидан кўнгли ғаш тортмаган бу кимса фурсатни ўтказмай ўғирлаган жиҳозларни сотиш илинжига тушади. Шаҳар марказида жойлашган “Мукаммал нигоҳ” номли савдо мажмуасига келади. У паспорт сўраган сотувчи йигитга ноутбуклар ўзиники эканлиги, пулга муҳтожлиги учун сотаётгани, паспорти ёнида эмаслиги ва албатта, нусхасини ташлаб қўйишига ишонтириб, иккита ноутбукни 1 550 000 сўмга келишиб, сотиб юборади. Пулларни эса ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлайди.

Пул ишлашнинг осон йўлини топдим, деб ўйлаган “олғир” орадан бир ҳафта ўтиб яна “ов”га чиқади. У “55-Evrika” НТМ ўқув марказига келиб, абитуриентларнинг дарслари тугашигача кутиб ўтиради ва пайт пойлаб, у ердан 2 600 000 сўмлик “НР” русумли ноутбукни олиб чиқиб кетади. Осонгина иш битиряпман, ҳеч ким мени билмайди, дея чучварани хом санаган Ш. Ҳожиев ноутбукни сотиш учун “Зангори экран” савдо мажмуасига йўл олганди.

На қонун ва на одамийликни назар-писанд қилмаган ўғри йигит компьютер ҳужжатларини сўраган сотувчига ўзининг жавдираганнамо нигоҳи билан “Мен ҳужжатсиз, қўлдан олгандим компьютерни, пулга муҳтож бўлиб сотяпман”, дея яна важлар келтириб, паспорт нусхасини бериб, ноутбукни 1 800 000 сўмга сотиб чиқиб кетади.

Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган нақл бор. Бугун ўз қилмиши билан суд курсисида бош эгиб ўтирган Шаҳбоз Холиқов пушаймон. Суд Ш. Холиқовнинг қилмишини кўриб чиқаркан, жиноят ишидаги далилларни ҳар томонлама ўрганиб, уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган ўғирлик жиноятини содир этганликда айбли, деб топди. Жиноятга қўл урган фуқарога нисбатан қонуний ҳамда адолатли жазо тайинланиб, суд томонидан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Акром АРИПОВ,

Олий суд бош консультанти